Эрон ва Евроосиё ўртасидаги савдо айланмаси 22 фоизга ўсди
Эрон Савдони ривожлантириш ташкилотининг Савдо келишувлари ва халқаро ташкилотлар департаменти раҳбари Эрон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги савдо айланмаси минтақадаги турли кескинликлар таъсирига қарамай, ўтган 1404 ҳижрий-шамсий йилда 22 фоизга ошиб, 7,3 миллиард АҚШ долларига етганини маълум қилди.
«Парс Тудей» хабар беришича, Илҳом Ҳожи Каримий чоршанба куни Эрон Ислом Республикаси ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида саноат ҳамда саноат-қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган биринчи ихтисослаштирилган йиғилишда сўзлаган.
У Эрон экспортида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг салмоғи юқори эканини таъкидлаб, саноат маҳсулотлари ва юқори қўшилган қийматга эга товарлар экспортини ривожлантириш мамлакатнинг устувор вазифаларидан бири эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, маиший техника, тўқимачилик ва кийим-кечак, автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар, машинасозлик, дори-дармон ҳамда тиббий ускуналар Евроосиё бозорларига экспортни ошириш учун катта салоҳиятга эга йўналишлар ҳисобланади.
Йиғилишда Эрон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи вакиллари қўшма инвестициялар салоҳияти, қиймат занжирларини ривожлантириш ҳамда икки томон ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Энергетика, кимё ва нефт-кимё саноати, кончилик, машинасозлик, металлургия, транспорт ва илғор саноат тармоқлари ҳамкорлик учун истиқболли соҳалар сифатида қайд этилди.
Шунингдек, оддий товар савдосидан қўшма ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери ва минтақавий қиймат занжирларида шерикликка ўтиш зарурлигига урғу берилди.
Учрашувда техник ва нотариф тўсиқлар, жумладан, техник стандартлар, ҳалол сертификати, лаборатория ҳамда ветеринария соҳаларидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.