Пизишкиён: Агар улар биз билан урушмоқчи бўлсалар, куч билан жавоб қайтарамиз
Эрон президенти Эрон урушнинг бошловчиси бўлмагани ва бўлмаслигини таъкидлаб, шундай деди: «Биз урушга интилмаймиз. Агар улар биз билан урушмоқчи бўлса, куч билан жавоб қайтарамиз».
Парс Тудей агентлигига таяниб хабар қилади: Эрон президенти Масъуд Пезешкиан Нью-Йоркка БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида қатнашиш учун ташрифининг иккинчи кунида Фокс Ньюс телеканалига берган интервьюсида Эроннинг уруш ва АҚШ билан музокаралар, ядро дастури, Ҳурмуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлиги, минтақадаги ўзгаришлар ва мамлакат ички масалалари бўйича позицияларини баён қилди.
Пезешкиан Эроннинг музокара ёки урушни давом эттириш қарори юзасидан шундай деди: «Биз урушни танламадик; урушни бизга мажбуран юкладилар. Биз урушга интилмаймиз, лекин бизга ҳужум қилинган ҳар сафар ўзимизни ҳимоя қилишга мажбурмиз. Урушни бошлаган эмасмиз ва бошламаймиз ҳам, лекин агар улар биз билан урушмоқчи бўлса, куч билан жавоб қайтарамиз. Бугун ҳам бизни халқаро доиралар ва қонунлардан ташқарига чиқариб, таслим бўлишга мажбурлаш учун босим ўтказилмоқда, аммо бу мумкин эмас».
Эрон президенти музокараларда Эроннинг талаблари ва эҳтимолий имтиёзлар ҳақидаги саволга жавобан таъкидлади: «Биз келишувга эришган эдик ва бу келишувномани сизнинг президентигиз билан имзолаганмиз. Ўша келишувнома асосида давом эттиришга тайёрмиз. Биз Ҳурмуз бўғозини ёпмаган эдик; Ҳурмуз бўғози очиқ эди. Ҳеч қандай қонуний асоссиз бизга ҳужум қилдилар, раҳбаримиз, қўмондонларимиз ва олимларимизни шаҳид қилдилар ҳамда болаларимиз мактабини 168 ўқувчи билан бомбардимон қилдилар. Бу инсон ҳуқуқлари, инсонийлик ва қонун нуқтаи назаридан қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эди ва биз ҳимояландик. Биз аввал ўз ҳуқуқий доираларимиз ҳақида айтган сўзларни талаб қиламиз; бошқа нарсани истамаймиз».
Пизишкиён келишувнинг бузилишига олиб келган асосий сабабга ишора қилиб, шундай деди:«Ҳужумни бошлаган биз эмасмиз. Муаммо шундаки, агар бутун умр давомида ўша бўғоз учун масъул бўлиб келганлар ўз кемаларини у ердан ўтказа олмасалар, табиийки, бошқа кемаларнинг ҳам у ердан ўтиши учун ҳуқуқ мавжуд бўлмайди.
Ҳозир АҚШ ўз кемамизни у ердан ўтказишимизга йўл қўймаяпти. АҚШ қандай асос билан у ерга келиб, кемамизнинг ўтишига рухсат бермаяпти? Ахир денгизда эркин кема қатнови мавжуд эмасми? Нима учун бизнинг йўлимизни тўсиб қўйди?»
У биздаги муаммо орамизда ишончсизлик муҳити мавжудлиги эканини айтиб, қўшимча қилди: «Сабаби шуки, аввал Баржамда келишувга эришган эдик, лекин президент уни йиртиб ташлади. Кейин яна бу жараёнларда бирга суҳбатлашдик, лекин музокара пайтида бизга ҳужум қилдилар. Яна ўтирдик ва суҳбатлашдик, яна ҳужум қилдилар. Яна бир бор ўтирдик, суҳбатлашдик, келишувга эришдик ва уни имзоладик, аммо яна бу воқеалар содир бўлди. Агар қонунлар ва амалга ошираётган ишларимиз доирасида бир-биримизга ишона олмасак ва келишувимизга содиқ қолмасак, музокара орқали муаммо ҳал бўлади деб яна қандай қабул қиламиз?»
Пезешкиан Эрон қарорлари АҚШнинг оралиқ сайловларига қанчалик боғлиқлиги ҳақида қўшимча қилди: «Биз АҚШ сайловларига умуман алоқадор эмасмиз. Агар АҚШ музокарага келса ва бизнинг ҳуқуқларимизни халқаро қонунлар доирасида тан олса, музокарага тайёрмиз. Агар бу ҳуқуқларни кўришни истамаса, сайловдан олдин ҳам, кейин ҳам бўладими, биз учун нима фарқи бор?»
Эрон президенти «Сизнинг фикрингизча, бу уруш йил тугашидан олдин тугаши мумкинми?» деган саволга жавобан билдирди: «Биз жанг қилмасликни истаймиз, аммо ўзимизни қудрат билан ҳимоя қиламиз. Урушни хоҳламаймиз; уруш ҳеч кимга фойда келтирмайди. Мен ишонаманки, инсон инсонни ўлдирмайди. Инсон борлиқдаги энг олий мавжудотдир ва агар бир масалани суҳбат орқали ҳал қилиш мумкин бўлса, уни қон ва қон тўкиш билан ҳал қилиш керак эмас. Аммо афсуски, Америка Исроилнинг қўзғатиши билан бу урушни бизга зўрлаб юклаган. Биз урушнинг давом этишини хоҳламаймиз. Уни тугатишни хоҳлайдими ё йўқ — бу ҳақда қарорни Америка қабул қилиши керак».