Американинг Эрон ядровий келишувига қаршилик қилиши
АҚШнинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги доимий намояндаси Ники Ҳейли яна бир бор Эронга қарши асоссиз иддаоларни такрорлаб, Вашингтоннинг Эрон ядровий дастурига доир келишувга қарши эканлигини таъкидлади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз "Американинг Эрон ядровий келишувига оид Қўшма ҳаракатлар комплекс дастурига қаршилик қилиши”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Америка қўшма штатларининг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги доимий намояндаси Ники Ҳейли яна бир бор Эронга қарши асоссиз иддаоларни такрорлаб, Вашингтоннинг Эрон ядровий дастурига доир келишувга қарши эканлигини таъкидлади. Ники Ҳейли Дук Унивеситетида Жаҳонни бошқариш муаммоларига бағишланган конференциядаги чиқишида, АҚШ президенти Доналд Трамп бошчилигидаги Америка давлатининг ядровий келишувни муаммоларга йўлиқтирганини фахрланиб гапирди. Унинг қўшимча қилишича, биз ўзимизнинг европалик иттифоқчиларимиз билан Эрон ва олтилик давлатлари томонидан қабул қилинган “Қўшма ҳаракатлар комплекс дастури”га доир ядровий битимни қайта кўриб чиқиб уни ислоҳ этиш устида иш олиб борияпмиз ва Эронни минтақадаги терроризмни ҳимоя қилганлиги туфайли жавобгар қилмоқчимиз. Америка қўшма штатларининг БМТдаги намояндаси Ники Ҳейлининг маълум қилишича, европаликлар ушбу битимни ўзлари учун сақлаб қолишлари мумкин, бироқ Америка ҳам санкцияларни қайта жорий этиши мумкин.
Ники Ҳейлининг ушбу баёнотидан олдин, Европа иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича масъули Федерико Могерини ва Япония ташқи ишлар вазири Таро Коно жума куни телефон орқали қилган суҳбатларида, Эрон ядровий келишувига ҳамма тарафларнинг ўз мажбуриятларига амал қилишлари лозимлигини ва мазкур ядровий битимнинг ижро этилиши зарур эканлигини таъкидлашди. Европа иттифоқи ядровий келишувнинг йўқ қилиниши барча томонлар учун улкан зарар эканлигини ва бунда ҳеч ким наф кўрмаслигини ҳамда ҳеч қайси бир тараф ғолиб бўлмаслигини таъкидлаб келияпти. Эрон ядровий дастури бўйича келишувга эришилган томонлар позицияси Америка президенти Доналд Трампнинг қарашларига ва ёндашувига тескари бўлиб, ўзаро қарама-қаршиликларни юзага келтирияпти. Москва ва Пекин ҳам Эрон ва олтилик гуруҳи томонидан қабул қилинган “Қўшма ҳаракатлар комплекс дастури”га оид битимни қайта кўриб чиқишга қаратилган уринишларга ва ҳаракатларга ўзларининг эътирозларини билдириб, қаршилик кўрсатияпти. Доналд Трамп январ ойида Америка конгресменларига ва Европа давлатларига Эронга қарши киритилган санкцияларни кейинга қолдириш учун кейинга узайтириш муддати келгунига қадар, Америка томонидан ядровий келишувдаги камчиликлар деб аталган масалани қайта кўриб чиқишларига муҳлат берган эди. Акс ҳолда, Американинг Эрон ядровий келишувидан чиқиб кетишини билдирган.
АҚШнинг демократ сенаторларидан бўлмиш Крис Морфи Факс Ньюз телеканали дастурида Доналд Трампнинг Эронга қарши оғзаки баёнотлари ҳақида шундай айтдики, Эрон айни пайтда ядровий битимдаги мажбуриятларига тўла тўкис амал қилиб келияпти, шунинг учун ушбу келишув устида яна бошқатдан музокара ўтказиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Эрон “Қўшма ҳаракатлар комплекс дастури”нинг ижро этилишида дастлабки кунлариданоқ тарафларнинг ишончини қозонди ва Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликнинг ядровий келишув жараёни ҳақида тақдим этган ҳисоботида ҳам ушбу масалани тасдиқлади. Бундай шароитда, Америка қўшма штатлари Эрон ва олтилик гуруҳи томонидан қабул қилинган Эрон ядровий дастурига оид келишувни бир томонлама барбод қилиши ортидан кўпроқ ўзи зарар куради ва ўз манфаатини қўлдан бой беради. Шунинг учун, Трамп ўз мавқеини ушлаб туриш учун вақтдан ютишни кўзламоқда ва эҳтимол ядровий келишувдаги бошқа томонлардан имтиёз олишни мақсад қилган. АҚШнинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги баёноти, Вашингтоннинг ушбу вазиятда иккита асосий муаммога учраганини англатмоқда.
Биринчиси, Американинг мантиқсиз сиёсатларига қўшилмаслик ва унга ён босмаслик ҳамда халқаро ҳамжамиятда АҚШнинг яккаланиб қолиши бўлса, иккинчиси эса Эроннинг ҳар қандай душманона ҳаракатларга жавоб қайтара олиши ва Американинг босимлари ҳамда таҳдиларига нисбатан бўш келмаслигидир. Халқаро ишлар бўйича эксперт Ҳусайн Кошонийга кўра, Америка қўшма штатлари ҳатто ядровий келишувдан чиқиб кетган тақдирда ҳам, халқаро қонун-қоидалар ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгаши резолюциясининг ижро этилишига масъул ҳисобланади. Ушбу халқаро масалалар бўйича экспертнинг фикрича, Эрон ядровий фаолияти бўйича қабул қилинган “Қўшма ҳаракатлар комплекс дастури” БМТ хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган 2231 сонли резолюцияга боғлиқ бўлиб, халқаро қонунларга биноан ядровий келишув мазкур резолюциядан ажратилмайди. Шунга қарамай, АҚШ президентининг ўтган бир йил давомида амалга оширган ишлари ва ҳатти-ҳаракатлари халқаро мажбуриятларга содиқ эмаслигини яққол намоён этди. Эрон ядровий келишуви ҳам балки ушбу қоидалардан истисно эмасдир.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.