Абу Райҳон Беруний
https://parstoday.ir/uz/news/iran-i40708
Беруний математика, география, геология, археология, физика, астрономия ва бошқа фанларда замонасининг энг буюк донишмандларидан бири эди.
(last modified 2018-12-06T08:51:02+00:00 )
декабр 06, 2018 13:37 Asia/Tashkent
  • Абу Райҳон Беруний

Беруний математика, география, геология, археология, физика, астрономия ва бошқа фанларда замонасининг энг буюк донишмандларидан бири эди.

Бир илмий мавзунинг тарихи ҳақида биринчи бўлиб асар ёзган Беруний 18 металл ва қийматбаҳо тошларнинг зичлигини ўлчаш, Ер куррасининг диаметри ва атрофи, географик хариталарни янги усулда яратиш, шаҳарлар ўртасидаги масофаларни  ўлчаш, Ҳиндистон халқининг эътиқод ва тарихи бобида  ҳам беназир асарлар яратган.

Абу Райҳон Муҳаммад бин Аҳмад Беруний ҳижрий- қамарий 362 йилнинг 3-зилҳижжа ойида, милодий ҳисоб билан 973 йилнинг сентбяр ойида Кот шаҳрида таваллуд топган. Ушбу шаҳар Хоразмнинг минтақаларидан бири бўлиб, ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.

Image Caption

 

Унинг отаси Абу Жаъфар Аҳмад бин  Али Андижоний Хоразмшоҳ дарборига тегишли Гургонж обсерваториясининг  нужумшуноси бўлган.  Берунийнинг нақл қилишича,  ҳасадчиларнинг айби билан отаси дарбордан  четлаштирилади ва Хоразм атрофида жойлашган қишлоқлардан бирига оиласи билан  бориб,    яшашга мажбур бўлади. Қишлоқ аҳли учун  улар ташқаридан келишгани учун уларни “беруний” деб аташарди.

Айримларнинг ақидаларига кўра, Хоразмнинг ўша вақтдаги пойтахти Кот шаҳридан ташқарида дунёга келгани боис бу буюк донишманд Беруний номи билан шуҳрат топган.

Беруний ёшлигиданоқ илм-фанга қизиқиши орта борди. Беруний кейинчалик машҳур олим Абу Наср Мансур ибн Ироқ қўлида таълим олди. Ибн Ироқ астрономия, геометрия, математикага оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлайди. Беруний она тилидан ташқари яна бир қанча тилларни: араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганади.Ўз илмий асарларидан бирида ёзишича, у Хоразмда яшаган даврида, 990 йиллардан бошлаб Кот шаҳрида муҳим астрономик кузатишлар ўтказган. Бу кузатишлар учун ўзи астрономик асбоблар ихтиро этган.

Image Caption

 

Хоразм зодагонлари орасида тахт учун бошланган курашлар олимнинг бу илмий ишларини давом эттиришга имкон бермаганлиги боис, 22 ёшида ватанини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди ва бир қанча вақт Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилидаги Журжон шаҳрида муҳожирликда яшади. Сўнг қадимги Рай шаҳрига борди, 998 йиддан кейин яна Журжонга келди ва бу ерда ўзининг иккинчи устози табиб, астроном, файласуф Абу Саҳл Исо ал-Масиҳий билан танишиб, ундан таълим олди. Беруний «Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия» («қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар») асарини Журжонда муҳожирлик даврида ёза бошлаган ва 10 йилда тамомлаган. «Осор ал-боқия» Берунийга жуда катта шуҳрат келтирди, уни фаннинг ҳамма соҳасига қизиқувчи буюк олим эканини кўрсатди. Бундан ташқари Беруний Журжонда астрономия, нетрология тарихига оид 10 дан ортиқ асар ёзди. Беруний Хоразмнинг янги ҳукмдори Абу Аббос Маъмун II ибн Маъмун томонидан мамлакатнинг янги пойтахти Урганчга чақиртирилди. Хоразмшоҳ томонидан жуда катта иззат-икром билан қабул қилинди. Беруний Урганчда Маъмуннинг бевосита раҳнамолигида вужудга келган илмий марказда фаолият кўрсатди.

Image Caption

 

Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашади.Хоразмнинг Маҳмуд ғазнавий томонидан босиб олиниши Беруний ҳаётини хавф остига қўяди. У Хоразмшоҳ саройидаги барча олимлар билан бирга Ғазна шаҳрига асир қилиб олиб кетилади. Берунийнинг 1017-1048 йилларда Ғазнада кечирган ҳаёти, бир томондан ниҳоят оғир кечган бўлса, иккинчи томондан, унинг илмий фаолияти учун энг маҳсулдор давр бўлди. Берунийнинг «Хоразмнинг машҳур кишилари» асари ҳам шу даврда яратилган. Унинг муҳим астрономик-географик асари «Таҳдид ниҳоёт ал-амония ли тасҳиди масофат ал-масокин» («Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш» — «Геодезия») 1025 йилда ёзиб тугатилган. Берунийнинг «Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар» асари ҳам 1029 йил Ғазнада ёзилган. Асарнинг форсча, арабча нусхалари бизгача етиб келган. Унда ўша замон астрономияси билан боғлиқ бўлган бир қанча фанлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Берунийнинг «Ҳиндистон» номли машҳур йирик асари «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқуда мақбула фи-л-ақл ав марзула» («Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби») 1030 йилда ёзилган бўлиб, бу шоҳ асар Ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон ҳинд олимлари томонидан юксак баҳоланган. Академик В. Р. Розен «Шарқ ва Ғарбнинг қадимги ва Ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида бунга тенг келадиган асар йўқ», деб баҳо берган. Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларидан бирида шоҳга ҳамроҳ бўлган Беруний, у ерда санскрит тилини пухта ўрганиши ҳинд маданияти адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишишга ҳамда бу мамлакат ҳақида ўлмас асар яратишга имкон берди. «Ҳиндистон» асари ёзиб тугатилган йили Маҳмуд Ғазнавий вафот этди ва унинг ўрнига тахтта ўғли Масъуд ўтирди. Бу даврда Берунийнинг аҳволи анча яхшиланди. Астрономияга оид «Масъуд қонуни» асарини султон Масъудга бағишлади. Ўша аср олимларидан бири Ёқутнинг ёзишича: «Масъуд қонуни» китоби математика ва астрономия бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган».

Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири «Минералогия»дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ; ҳатто Оврўпода ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари — «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси XX асрнинг 30-йилларида Туркияда топилди. Асар «Сайдона» номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.Беруний шогирди Абул Фазл ас-Сарахсий маълумоти бўйича 11 декабр 1048 йилда вафот этган.