Қирғизистоннинг собиқ бош вазири президентлик учун номзодини илгари суради
Қирғизистон Республикасининг собиқ бош вазири Темир Сариев давлат раҳбарлиги учун номзодини илгари суриши борасида биринчи бўлиб расман эълон қилди. Бу ҳақда 24.Kg ахборот агентлиги хабар қилмоқда.
Кун.ўз сайти хабарига кўра, «Акшумкар» сиёсий партиясининг анжумани иштирокчилари Темир Сариевни президентлик учун илгари суришга қарор қилди. Амалдаги давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг ваколатлари 2017 йил кузида поёнига етади.
Темир Сариев 54 ёшда. 2000-2007 йилларда Жогорку Кенеш депутати бўлган, 2010 йил апрелидан июнига қадар муваққат ҳукумат раиси ўринбосари, молия вазири лавозимида ишлаган. 2011 йил 24 декабрдан иқтисодиёт вазирлигини бошқарган. 2015 йил 30 апрелида мамлакат парламенти унинг номзодини бош вазирликка тасдиқлаган. 2016 йил 11 апрелида истеъфога чиққан.