Тожикистонга Россиянинг "Искандер-М" ракета мажмуалари келтирилди
Экспертнинг фикрича, иттифоқчилар Тожикистонга таҳдид солувчи Афғонистон шимолидаги қуролли гуруҳларни билвосита огоҳлантиришмоқда
ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Тожикистонга илк марта "Душанбе-Антитеррор — 2017" ҳамкорликдаги антитеррор машғулотларида фойдаланиш учун "Искандер-М" тезкор-тактик ракета мажмуалари келтирилди, деди Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-полковник Владимир Зарудницкий. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар бермоқда."Тоцкое ракета бригадасининг "Искандер-М" тезкор-тактик мажмуалари ҳамкорликдаги "Душанбе-Антитеррор — 2017" антитеррор машғулотлари учун илк марта Тожикистонга келтирилди. Мажмуалар Россия ҲККнинг Ан-124-100 "Руслан" самолётлари ёрдамида олиб келинди", — деди қўмондон.
Генерал Зарудницкийнинг айтишича, машғулотлар давомида ракетачилар тоғдаги шартли жангариларнинг лагерига ушбу ракета орқали зарба беришади.Илгарироқ Тожикистон пойтахти яқинидаги Айний аэродромига Россиянинг Шагол авиабазасидан Су-24М бомбардимончи самолётлари келиб қўнганди. "Душанбе-Антитеррор — 2017" — Ҳамдўстлик мамлакатлари қуролли кучлари жалб этилган МДҲ антитеррор марказининг илк машғулотидир. Машғулотлар 30 май куни бошланади. Илгарироқ душанбелик мустақил эксперт Жамшед Мамажонов "Душанбе — Антитеррор — 2017" машғулотлари ҳақида ўз фикрини билдирганди.