Тожикистон ташқи қарзи Роғун ГЭС туфайли янада ортади - Moody’s
Moody's прогнозлари ҳақиқатга айланадиган бўлса, аҳоли жон бошига қарз 500 долларгача ошади.
Moody’s халқаро рейтинг агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2017-2018 йилларда Тожикистоннинг ташқи қарзи деярли икки бараварга ошиб, мамлакат ЯИМнинг 55 фоизини ташкил этади.
Moody’s Тожикистон қарзи Роғун ГЭСи қурилишини тугатиш учун олинган маблағлар туфайли кўпайишини тахмин қилмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, ташқи қарз берувчиларга маблағларни қайтариш Тожикистон иқтисодиётига оғир юк бўлиб тушади.
22 октябрда нашр этилган рейтинг агентлиги ҳисоботида жаҳон мамлакатлари иқтисодиётининг салоҳияти баҳоланади. Унга кўра, Тожикистон ташқи қарзнинг асосий қисмини хорижий валютада олган, аммо сомоний миллий валютаси билан курс фарқи туфайли қарзни фоизлар билан тўлаш жуда қийин бўлади.
Бироқ мамлакат Молия вазирлиги Moody's’нинг бундай прогнозларига қўшилмаяпти ҳамда мамлакатнинг ташқи қарзи анча паст экани, ЯИМнинг 32%ни ташкил қилиши ҳақида маълум қилмоқда. Тожикистоннинг ташқи қарзи жорий йил бошида 2 миллиард 274 миллион долларни ташкил этди, дея хабар беришган вазирликдан.
Молия вазирлиги, шунингдек, тегишли ҳисоб-китобни ҳам амалга оширган: агар мамлакатнинг умумий қарзи Тожикистоннинг ҳар бир фуқаросига бўлиб юборилса, ҳар бир фуқаро 260 АҚШ доллари қарздорликка эга бўлади. Moody's прогнозлари ҳақиқатга айланадиган бўлса, аҳоли жон бошига қарз 500 долларгача ошади.