ноябр 07, 2017 12:47 Asia/Tashkent

Хабарда, Жоқорғу Кенеш депутати Омурбек Бабанов ва бошқа шахсларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг "оммани конституциявий тизимни куч ишлатиш йўли билан ўзгартиришга даъват қилиш" ҳамда "миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатиш" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганлиги қайд этилган

     Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “ Қирғизистон Бош прокуратурасининг Қирғизистон президенти сайловида иштирок этган номзод Омурбек Бабановга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани”га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси Жоқорғу Кенеш депутати Республика - Ата Журт парламент фракцияси раҳбари Қирғизистон президенти сайловида иштирок этган номзод Омурбек Бабановга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилди. Хабарда, Жоқорғу Кенеш депутати Омурбек Бабанов ва бошқа шахсларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг "оммани конституциявий тизимни куч ишлатиш йўли билан ўзгартиришга даъват қилиш" ҳамда "миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатиш" моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилганлиги қайд этилган. Бу ерда гап Бабановнинг Ўш шаҳри "Амир Темур" микрорайони аҳолиси билан 28 сентябр куни ўтказган сайловолди ташвиқотлари ҳақида бормоқда дейилади прокуратура хабарида. Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси изоҳига кўра, Омурбек Бабанов йиғилганлар олдида нутқ сўзлар экан, аҳоли орасида ўзбеклардан кўпроқ овоз олиш мақсадида, ўзбек миллатига мансуб шахсларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани, мамлакатда мавжуд миллатлараро тенгсизлик ҳамда давлат органлари томонидан ўзбек миллатига мансуб шахсларга нисбатан бўлаётган босимлар тўғрисида фикрларини билдирган ва шундан сўнг йиғилганларни ушбу ҳолатга нисбатан фаол тарзда қаршилик кўрсатишга чақирган.

      Қайд этилишича, филологик-сиёсий экспертиза Омурбек Бабановнинг омма олдида сўзлаган ушбу нутқида миллатлараро низо қўзғаш, одамларни амалдаги ҳокимиятга итоатсизлик қилишга ундаш ва уни ағдаришга қаратилган даъватлар борлигини аниқлаган. Бундан ташқари, Давлат суд-эксперт хизмати хулосасига мувофиқ, Омурбек Бабановнинг электрон оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ушбу чиқишида монтаж ҳолатлари аниқланмаган. Илгарироқ электрон ОАВларда Омурбек Бабанов томонидан сайловолди учрашувларда айтилган "Тиз чўкиб юргандан кўра, тик туриб ўлган маъқул", "Агар бирор бир милиционер ўзбекларга тегинса, у ишдан ҳайдалади" сингари ёрқин иборалари чоп этилган эди. Ушбу номзоднинг тарафдорлари, "Тиз чўкиб юргандан кўра, тик туриб ўлган маъқул" деган жумла Омурбек Бабанов томонидан маълум бир номзодга овоз беришда юзага келиши мумкин бўлган мажбурлаш ҳолатларидан қўрқмасликка чақириш мақсадида айтилган, деган фикрни билдиришганига қарамай, фуқароларнинг маълум қисми Бабановнинг ушбу сўзларидан дарғазаб бўлишган. Бабановнинг штаби эса ижтимоий тармоқлардаги ушбу видеолавҳа монтаж маҳсули экани ҳақида баёнот беришган эди.

     Омурбек Бабановга нисбатан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 297-моддаси 1-қисми (конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга чақириқ) ва 299-моддаси 1-қисми (миллий, ирқий ёки диний нифоқни қўзғатиш) билан назарда тутилган ҳолатлар асосида жиноий иш қўзғатилган. Ушбу жиноят иши айни пайтда қўшимча тергов қилиш учун Қирғизистон Республикаси Миллий Хавфсизлик давлат қўмитасига юборилган. Қирғизистон парламенти депутати Омурбек Бабанов ҳам Бош прокуратура қўзғаган жиноий иш бўйича ўз мурожаатини эълон қилиб шундай айтдики, бугун биз менга қарши бутунлай уйдирма бўлган сиёсий жиноий иш қўзғаган ҳуқуқ-тартибот органларининг асоссизлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунинг сохталиги очиқ кўриниб турибди ва бу ҳар биримизга маълум. Афсуски, менга бундай мантиқсизликка имкон бермайдиган барча ислоҳотларни амалга оширишга йўл беришмади. Ҳокимият тепасидагилар барча муаммоларнинг манбаи Бабанов эмаслигини тушуна олмаяпти. Улар мени сиёсий майдондан бартараф этишгани билан, мамлакатдаги ҳаёт яхшиланиб қолмайди, муаммолар ҳал бўлмайди. Барча фалокатларда мени айблаш, менга салбий хислатларни ёпиштириш, туҳмат қилиш керак эмас.

      Ҳақиқат барибир юзага чиқади. Ҳукуматдан ўйлаб кўришни сўрайман, ахир ҳар қандай адолатсизлик охир-оқибат юзага чиқади, ўтган йилларнинг хатоларини такрорламанг. Холис бўлинг, акс ҳолда мамлакатда биз кўп йиллардан буён қочишга ҳаракат қилаётган яккаҳукмронлик ўрнатилади деб ўз эътирозини билдирди. Омурбек Бабанов 16 октябрь куни Бишкекда ўтказилган брифингда ҳам иштирок этди ва унда ўз тарафдорларини иғво ва провокацияга учмасликка чақирган эди. Унинг айтишича, менга ҳозир иғволи материал келиб тушди, унда 16 октябрь куни соат 12 да Бабановни қўллаб-қувватловчилардан майдонга чиқиш сўралган. Мен яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман: Мен ҳеч қачон ҳокимиятни куч билан олмайман! Ҳозир ҳам, кейин ҳам. Биз ўз сайловчиларимиз ҳуқуқларини фақат қонуний йўл билан ҳимоя қиламиз. Мен ишонч билан айтаманки, бизнинг ғалабамиз – келажакда, деган Бабанов. Омурбек Бабанов Қирғизистонда 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этди. У 33,5 фоиз овоз тўплаган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади. Президентлик сайловининг биринчи турида Қирғизистон социал-демократик партияси номзоди Сооронбай Жээнбеков сайловчиларнинг 54,2 фоиз овозини олиб ғалаба қозонганди. 

    Октябрь ойида Қирғизистон президети Алмазбек Атамбаев бир неча бор Қозоғистон раҳбарияти номига кескин айбловлар билан чиқиш қилган эди. Алмазбек Атамбоев, хусусан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни ўзига қулай президентни Қирғизистонга тиқиштираётгани, Бакиевларни яхши кўриши ва ўз мамлакатини талон-тарож қилишаётганини айтиб ўтган эди. Бу воқеалардан кўп ўтмай икки мамлакат фуқаролари ва хорижий сайёҳлар қозоқ-қирғиз чегарасини кесиб ўтишда муаммоларга дуч кела бошлашган. Қирғизистондаги сайловлар билан боғлиқ ҳолда Остона ва Бишкек ўртасида дипломатик можаролар келиб чиққандан кейин, Қозоғистон Қирғизистон билан чегарада кучайтирилган хавфсизлик чораларини киритди. Бунинг натижасида чегарани кесиб ўтувчилар сони 3 маротабага қисқарган.

    Қирғизистон томонда юк машиналарининг бир неча километрлик тирбандлиги вужудга келган. 3 ноябрда МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари кенгашида иштирок этган Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков Қозоғистон томонидан юкларнинг ҳаддан ташқари назорат қилиниши масаласини Жаҳон савдо ташкилотида кўтаришига ваъда берган эди. Бунга жавобан Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сағинтаев Қирғизистон билан чегарада назоратнинг кучайтирилиши Бишкекка қарши эмас, балки контрабанда ҳажмини камайтиришга қаратилганини айтган. Ушбу зиддиятлар ортидан, Қирғизистон расмий даражада Қозоғистоннинг 100 млн долларлик ёрдамидан бош тортди. Қирғизистон Қозоғистон билан Евроосиё иқтисодий интеграция шароитида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида 2016 йилда имзоланган келишувни бекор қилди. Мазкур келишув Санкт-Петербург ва Москвада имзоланган эди. Шунингдек, ёрдам кўрсатиш ва ундан фойдаланиш бўйича назорат тартиби тўғрисидаги баённома, техник кўмак тўғрисидаги баённома ҳам бекор қилинган.

      Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ