АҚШ Қозоғистоннинг 22 миллиард долларлик валюта захирасини музлатиб қўйди
Музлатиш 22,6 миллиард доллар ёки Қозоғистон ҳукумати томонидан банкларни шошилинч молиялаштириш, миллий валюта ва умуман, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиб келинаётган, нефть экспортидан даромадлар ҳисобидан тўпланаётган келажак-авлод фондининг 40 фоизлик активига нисбатан қўлланган
Қозоғистоннинг миллий суверен фонди маблағлари АҚШда музлатилиб қўйилди, деб хабар бермоқда Reuters ўз манбаларига таянган ҳолда. Бу ҳақда кун уз сайти хабар берди.
Пуллар Bank of New York Mellon ҳисоб-рақамида эди ва банк молдовалик ишбилармон Анатолий Стати ва унинг компанияларининг Қозоғистон ҳукуматига даъвосига кўра ҳисоб-рақамни музлатган.
Стати ва унинг ўғли Габриэль Қозоғистоннинг нефть-газ соҳасига инвестиция киритган, сўнгра Қозоғистон ҳукуматини ўз мулкларининг рейдерлик орқали эгаллаб олганини даъво қилиб, 4 миллиард долларлик зарарни қоплаб беришни талаб қилишган.
2013 йил январида Стокҳолм савдо палатаси арбитраж суди Қозоғистон томонидан энергетик хартия ҳақидаги шартнома бузилганини қайд этган ва ҳукуматга Стати оиласига 500 миллион доллар миқдорида компенсация тўлаш мажбуриятини юклаган. Бироқ ҳукумат суд қарорини рад этган.
Музлатилган сумма Қозоғистон ЯИМининг 17 фоизини ташкил этади. Валюта захираларини тасарруф этувчи Қозоғистон миллий банки Лондон Юқори судига активларни музлатишдан озод қилишни сўраб даъво аризаси киритган ва активларни «тасарруф этиш мумкин бўлмаётгани туфайли баҳолаш қийин бўлган жиддий зарарлар», бошланиб бўлган транзакцияларни тугатиш ва янгиларига киришиш қийинчиликлари ҳақида маълум қилган. Бироқ, Bloomberg маълумотларига кўра, суд эътирозларни апелляция бериш имконисиз рад этган.
BNY Mellon эса, ўз навбатида, Стати оиласи улар орқали Стокҳолм арбитражининг қарорини ижро этишни ният қилган Бельгия ва Нидерландия судлари қарорига таянмоқда.
Лондондаги «Legal & General Investment Management» компанияси инвестицион стратегик вазиятни «мисли кўрилмаган» деб баҳолаган: «Агар фонднинг 40 фоизи фойдаланишдан мосуво этиб, музлатиб қўйилса, бу бутун дунё марказий банклари учун огоҳлик қўнғироғи ҳисобланади».
«Шу пайтгача марказий банк ва суверен фондларнинг активлари нисбатан ҳимояланган ҳисоблаб келинарди, лекин пайдо бўлган вазият бу нуқтаи назарни қайтадан кўриб чиқишга ундайди», — деган у.