7 йилдан сўнг илк бор Кўлоб-Москва поезд қатнови ишга тушди
Сўнгги етти йил ичида илк бор Кўлоб-Москва йўналишида йўловчи ташувчи поезд Тожикистондан жўнаб кетди. Бу ҳақда Тожикистон темир йўллари ДУК хабар бермоқда.
Кун.уз сайтига кўра, Кўлоб-Москва йўналиши жорий йилнинг 3 май кунидан бошлаб қайта фаоллаштирилган. Илк қатновда 400 нафар йўловчи 8та плацкарт ва 1та купе вагонда Москвага етиб бориш имкониятига эга бўлди.
Хабарда айтилишича, йўловчилар учун купе вагондаги жой 11931 рубль, плацкартда эса 8762 рубль этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Ғалаба-Амузанг йўналишида темир йўл қатнови фойдаланишга топширилгандан сўнг, 2012 йили Тожикистоннинг Хатлон вилояти Марказий Осиё умумий тармоғида узилиб қолганди.
Орадан 6 йил ўтиб, 2018 йил 1 март куни ушбу йўналиш қайта тикланиб, биринчи поездлар рельсга туширилганди.