Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиши мумкин
Қозоғистон парламенти сенатининг депутатлари пайшанба кунги ялпи мажлисда «Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши тўғрисида»ги қонун ва унга қўшимчалар тўпламини қабул қилишди, унда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳақда КазТАГ хабар бермоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасига мувофиқ, Хавфсизлик кенгаши ички сиёсий барқарорликни сақлаш мақсадида ички хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини таъминлаш, конституциявий тузумни, давлат мустақиллигини ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати амалга оширишни мувофиқлаштирувчи конституциявий орган ҳисобланади.
Қонун лойиҳасининг 2-моддасида президентнинг Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилган. Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши раисининг ваколатларига аниқлик киритилмоқда ва Хавфсизлик кенгаши аъзолари ваколатлари ҳам белгиланмоқда.
«Хавфсизлик кенгаши раиси Кенгаш фаолиятига раҳбарлик қилади; Хавфсизлик кенгашининг мажлисларини ва тезкор йиғилишларини чақиради; Хавфсизлик кенгаши аъзоларига кўрсатмалар беради; Хавфсизлик кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлайди; Хавфсизлик кенгаши аппарати ташкилий-ҳуқуқий мақомини белгилайди ва унинг тузилмасини тасдиқлайди; Хавфсизлик кенгашининг фаолиятига тааллуқли актларни, шу жумладан норматив-ҳуқуқий характерга эга актларни чиқариш ҳуқуқига эга; Қозоғистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади», - дейилади ҳужжатда.
Умуман олганда, қонун лойиҳаси билан Хавфсизлик кенгаши ва унинг аппаратининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, функциялари, шакли, таркиби ва фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, молиялаштириш тартиби белгилаб қўйилмоқда.