Жанубий Қозоғистон вилояти Туркистон деб қайта номланди
(last modified Wed, 20 Jun 2018 05:24:35 GMT )
июн 20, 2018 10:24 Asia/Tashkent
  • Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси Турк ва мусулмон дунёсининг муҳим зиёратгоҳларидан саналади
    Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбараси Турк ва мусулмон дунёсининг муҳим зиёратгоҳларидан саналади

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Жанубий Қозоғистон вилоятини Туркистон деб қайта номлаш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Фармонга мувофиқ, Туркистон шаҳри вилоят маркази ҳисобланади.

Назарбоев Туркистон шаҳри асрлар давомида Қозоқ хонлиги ва бутун турк дунёсининг сиёсий ва маънавий юраги бўлиб келганини айтган.

Бир вақтнинг ўзида Чимкент шаҳрига республика аҳамиятига молик шаҳар мақоми берилмоқда.

Қозоғистон раҳбарига кўра, аҳолиси 1 миллиондан ошган Чимкент сармояларни жалб этувчи янги марказга айланмоқда.

"Чимкент нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасида сармоялар, технологик ва интеллектуал заҳираларни ўзига жалб этаётган марказга айланади. Бунинг учун барча шароит ва салоҳият мавжуд", - дея Назарбоевдан иқтибос келтирмоқда қозоқ нашрлари.

Туркистон шаҳри 16-18 асрларда Қозоқ хонлиги пойтахти бўлган.

Ундан аввал Ясси номи билан билинган шаҳар Ипак йўлининг асосий савдо марказларидан бўлган.

12-асрда бу ерда вафот этган буюк мутасаввуф Аҳмад Яссавий қабри турк ва мусулмон дунёсининг муҳим зиёратгоҳларидан саналади.