Зўрланган ва ўлдирилган 5 яшар Ҳувайдонинг қотили қўлга олинди
Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 5 яшар Ҳувайдо Тиллозоданинг Серпухово шаҳрида ваҳшийларча ўлдирилиши муносабати билан 24 июль куни нота берди.
Москва область, Серпухово шаҳрида ўлдириб кетилган беш ёшли тожик қизи Ҳувайдо Тиллозоданинг жасади 25 июль куни эрталаб “Тожик Эйр” авиакомпанияси рейси билан Москвадан Душанбега олиб келинди ва шу куниёқ Кўлобда дафн этилди.
Қизчани вахшийларча бўғиб, пичоқлаб ва зўрлаб ўлдирганликда гумонланаётган серпуховолик 27 яшар Александр Сёмин шаҳар суди қарори билан 2 ойга ҳибсга олинди.
“Боланинг жасади спорт сумкасида топилди...”
Тожикистонлик муҳожирлар фарзанди Ҳувайдо уч кун муқаддам Серпухово шаҳридаги Тяговая кўчасида жойлашган 2 қаватли уйлар ҳовлисидаги болалар майдончасида ўйнаётган жойидан якшанба, 22 июль, кундуз соат 4:30-ларда бирдан йўқолиб қолди.
Полиция хабарига кўра, қотилликда гумон қилиниб Саидовлар билан қўшни уйда яшаб келган 27 ёшли Александр Сёмин ҳибсга олинган.
Терговчилар унинг уйидан қиз бола кийимлари қолдиқлари ва бармоқ изларини топишган.
Сёмин сумка кўтариб ўрмон томон кетаётгани ва сумкасиз ортга қайтаётгани тасвири маҳаллий мактаб видеокамерасида акс этиб қолган. Аниқланишича, бу шахс муқаддам икки маротаба 12 яшар қизларга тажовуз қилиб кўрган, аммо маҳаллий полиция уни “суҳбат ўтказиб” қўйиб юборган.
Тергов материалларидан Ҳувайдо аввал бўғиб ўлдирилгани, зўрлангани ва кейин бир марта қорнига пичоқ урилгани маълум бўлди. Серпуховоликлар Сёмин бола мурдаси солинган катта сумкани кўтариб кетаётганида ўрмонзорда бир дайдига учраб қолгани ва сумкани ташлаб, қочиб кетганини айтиб берди.
Айбланувчи 2 ойга қамоққа олинди
Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги 5 яшар Ҳувайдо Тиллозоданинг Серпухово шаҳрида ваҳшийларча ўлдирилиши муносабати билан 24 июль куни нота берди.
Тожикистон ташқи сиёсат идорасининг мазкур нотасида Россия Федерацияси тегишли органлари болага нисбатан қилинган ушбу ваҳшиёна жиноятни синчиклаб текшириб чиқишга чақирилган ва бу шафқатсиз қилмишни амалга оширган жиноятчига оғир жазо тайинлаш талаб қилинган.
Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган маълумотга биноан, ҳар йили биргина Москва шаҳрининг ўзида болалар йўқолгани борасида 1300 яқин ариза келиб тушади.
Бутун Россия бўйлаб бир йилда йўқолаётган 3 мингдан зиёд боладан 10 фоизи дом-дараксиз қолиб кетмоқда.