Тожикистон президенти божхона ходимини сўроққа тутди
Имомали Раҳмон молия, банк, божхона ва солиқ ходимлари билан учрашувда божхона хизмати ходимини сўроққа тутди ва у ёлғон гапираётганини фош қилди.
Тожикистон раҳбари божхоначини микрофонга таклиф қилди ва нечта уй ҳамда машинага эгалиги, қаерда ўқиганини сўраб, у ёлғон гапираётганини фош қилди, хизматдан бўшашни буюрди.
Мулоқот қуйидаги тарзда кечган:
Имомали Раҳмон: Микрофонга кел!
(Шаҳбоз Ражабзода кўтарилади ва микрофонга яқинлашади)
Президент: Сиз кимсиз?
Божхона ходими: (ўз исмини айтади)
Имомали Раҳмон: Неча йилдан бери ишлаяпсан?
Божхоначи: Бир йил ва саккиз ой.
Имомали Раҳмон: Бир йил ва 8 ой? Нечта уйинг бор? Ҳақиқатни айт!
Божхоначи: учта уй.
Имомали Раҳмон: Нечта машинанг бор?
Божхоначи: Битта.
Имомали Раҳмон: битта эмас, ростини гапир! Менда маълумотлар бор.
Божхоначи: Иккита машина. Фақат биттаси менинг номимда.
Имомали Раҳмон: биттаси бошқанинг номида, иккинчиси сенинг номингда. Машинанг қанча туради?
Божхоначи: ...
Имомали Раҳмон: Нечта хорижий тилни биласан?
Божхоначи: Учта тилни.
Имомали Раҳмон: Қаерда ўқигансан?
Божхоначи: Россия Дипломатик академияси, Давлат хизмати.
Имомали Раҳмон: ёлғон гапирма, ўқишни битирмагансан!
Божхоначи: Ҳа, ўқишни тугатмаганман, гап шундаки...
Имомали Раҳмон: Сени ўзлаштира олмаганинг учун ҳайдашган. Нима учун мамлакат раҳбарининг фарзандлари номидан гапирасан? Мана ёш кадр. Бошингдаги сочларингдан ҳам кўпроқ гуноҳларинг бор. Тушундингми? Қайси тузилмада ишлаган бўлсанг, сени ҳамма ердан бўшатишган. Бу ишга қандай қилиб қабул қилишган, мен билмайман. Ҳеч кимга бўйсунмайди. Ҳатто саломлашмайди. Нима, осмондан тушганмисан? Қонун нима ва ким учун? Гуноҳсизмисан? Камчиликларинг йўқми?
Божхоначи: Бор.
Имомали Раҳмон: Бориб, ариза ёзасан ва кетасан. Ҳали ёш эканингни ҳисобга оляпман, акс ҳолда камида 15 йилга қамалар эдинг! Чет элга ўтказган пулларни қайтарасан.
Божхоначи: Қайтараман.
Имомали Раҳмон: Ўтир.