Дунёни кӯр!
Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сердарни вазир этиб тайинлади
7 февраль куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сердар Бердимуҳамедовни саноат ва қурилиш вазири этиб тайинлади. Бу ҳақда «Хроники Туркменистана» хабар берди.
Президент фармони билан кичик Бердимуҳамедов 2019 йилнинг июнидан бери эгаллаб келаётган Ахал вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.
Сердар раҳбарлиги остида Ахал вилояти Туркманистоннинг биринчи рақамли ҳудудига айланди, шунингдек, 2019 йилги пахта мавсумида режани биринчи бўлиб бажарди.
Бунга қадар Сердар Бердимуҳамедов Ахал вилояти ҳокими ўринбосари, ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. Шунингдек, у Туркманистон парламенти депутати ҳам ҳисобланади.
Шунингдек, президент иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари Гочмират Мирадовни ишдан олиб, Гадиргелди Мушшиковни бу лавозимга тайинлади.
Электроэнергетика масалалари бўйича бош вазир ўринбосари Чаримират Пурчековни ҳам ишдан олиб, Ашхобод мэри бўлиб турган Шамухаммед Дурдилиевни бу лавозимга тайинлади.