Қозоғистондаги этник низолар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 нафарга етди
7 февраль куни кечқурун Жамбил области Масанчи қишлоғида қозоқлар ва дунганлар ўртасида келиб чиққан можаро оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 нфраг етгани айтилади.
Кун. уз сайтига кўра, можарога маҳаллий дунганлар қозоғистонлик қарияни калтаклаши сабаб бўлгани айтилган.
Дастлабки хабарларда Кордайдаги тартибсизликлар вақтида мингга яқин киши иштирок этгани, 8 киши ҳалок бўлиб, 137 киши жароҳатлангани, улардан 37 нафари шифохонага ётқизилгани, 9 киши оғир аҳволда қолаётгани айтилганди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 30дан ортиқ уй, 15та савдо объекти ҳамда 23та автомашинага зарар етказилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тартибсизликлардан сўнг ҳудудда вазият барқарорлашганини маълум қилди. У можаронинг авж олишига сабабчи бўлган иғвогарлар жавобгарликка тортилиши, «фожиага йўл қўйган давлат идоралари ходимлари жазоланиши»ни таъкидлаган. Бироқ у айнан қайси тузилмалар ходимлари жазоланишига аниқлик киритмаган.
Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин Жамбилдаги ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузишга фармойиш берган.
Тўқнашув жума куни кечқурун этник озчилик ҳисобланган дунганлар яшовчи Масанчи қишлоғида рўй берганди. Полициячилар тўқнашувда қатнашган 47 кишини қўлга олган, улардан ов милтиқлари мусодара қилинган.
Қозоғистон ҳукумати ҳодисада маиший жанжални этник низога айлантиришга ҳаракат қилган иғвогарларни айблади. Ҳозирча жанжалнинг асл сабаби аниқ эмас.