Германияда террорчиликда айбланган 4 тожикистонлик қўлга олинди
Германия разведка хизмати мамлакатда террорчилик хуружларини режалаштирган тожикистонлик бир гуруҳ террорчиларни қўлга олганини маълум этди.
Шимолий Рейн-Вестфалия федераль штатида тўрт нафар тожик миллатига мансуб шахс ҳибсга олинган. Уларнинг етакчиси ўтган йили ёнида қурол борлиги аниқлангандан кейин ҳибсга олинган 30 яшар Равшан Б. Дея тахмин қилинмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ушбу беш нафар муҳожир ИШИД халқаро террорчилик гуруҳининг бўлими сифатида ҳаракат қилишганини айтмоқда. Терговчиларнинг фикрича, улар 2019 йилнинг январь ойида террорчиларга содиқлик ҳақида қасамёд қилган ва бунинг ортидан ИШИДнинг юқори мартабали раҳбарлари билан боғланган деб хабар қилган Қалампир.уз
Дастлаб жангарилар Тожикистонга бориб, ҳукуматга қарши террорчилик фаолиятини амалга оширишни режалаштирган. Аммо кейин улар Францияда ҳужумлар уюштиришга қарор қилишган. Хабар қилинишича, террорчилар аллақачон терактлар режаларини ишлаб чиққан: уларнинг нишонлари Германиядаги Америка бўлинмалари, шунингдек, исломни танқид қилган баъзи жамоат арбоблари бўлган.