Бишкекда қўлга олинган ўзбекистонлик журналист 8-сентябрга қадар ҳибсда қоладиган бўлди
Бобомурод Абдуллаев 9-август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида унинг адвокати Тимур Карабаев маълум қилган.
yntymak.kg сайтининг хабар қилишича, журналист бу вақт оралиғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасида тутиб турилади.
Бобмурод Абдуллаевнинг адвокатларидан бири Тимур Султанов маҳкамадан сўнг ҳимоя тарафи суд қароридан қониқмаганини билдирди.
“Биз адвокатлар суд қарорини ноқонуний ва асоссиз, деб ҳисоблаймиз. Чунки Жазо-процессуал кодекси меъёрлари қўпол равишда бузилди. Шу важдан апелляция тартибида Бишкек шаҳар судига ариза киритамиз”, – деган Т. Султанов бу иш келаётган 5 кун ичида амалга оширилажагини қайд этди.
Журналист Б. Абдуллаев маҳкамага кириб келиш чоғида маҳаллий журналистлар саволларига жавоб бераркан, ўзининг мутлақо асоссиз қўлга олинганини қайд этди.
“Мени Ўзбекистоннинг сўрови билан қўлга олишибди. Сўровда гўё менинг “Қора мерган” тахаллуси билан мақолалар ёзганим айтилибди ва улар ҳатто 23-июль куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида бу бўйича сиртдан айблов чиқаришиб, бу ёққа жўнатишибди. Айблови етиб ҳам келибди бу ёққа”,-деган Бобомурод Абдуллаев ўзининг “Қора мерган” саҳифаларига ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини қўшимча қилди.
Журналистнинг адвокатларидан яна бири Тимур Карабаев бугунги суддан кейин Бобомурод Абдуллаевнинг Ўзбекистонга топширилишига оид қарорни Қирғизистон Бош прокуратураси чиқариши мумкинлиги, ҳимоя томонидан шикоят аризаси киритилган тақдирда бу иш келажакда судда кўрилажагини маълум қилди.
Бу орада Б.Абдуллаевнинг учинчи адвокати Наталья Котик аввалроқ БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари ваколатхонасига ўз мижози томонидан бошпана сўраб, ариза топширилгани, унда ўзбекистонлик журналист Қирғизистонда ҳаёти учун таҳдид пайдо бўлганию ўзининг хавфсиз учинчи мамлакатга кўчирилишида халқаро ташкилотдан кўмак сўраганини билдирди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси масъули Рахат Сулайманов эса қидирувга берилган Б. Абдуллаев 8-август куни Ўзбекистоннинг сўровига кўра ушланганини билдирган.