Тожикистон чегарасида Афғонистондаги вазият боис назорат кучайтирилди
Тожикистон чегарасида Афғонистондаги вазият боис назорат кучайтирилди
Тожикистон чегара қўшинлари раҳбарияти Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги нотинч вазият боис чегаранинг ушбу қисмидаги ҳолатни диққат билан кузатиб турибди, деб хабар берди РИА Новости Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара қўшинлари бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаевнинг сўзларига асосан.
Илгарироқ оммавий ахборот воситалари душанба куни эрталаб "Толибон" аъзолари Тожикистон билан чегарадош Афғонистон шимолидаги Қундуз вилоятига ҳужум уюштиришгани ҳақида хабар тарқатганди. "Чегара қўшинлари раҳбарияти Қундузда Афғонистон ҳукумат кучлари ва Толибон ўртасида аёвсиз жанглар ўтаётганидан хабардор. Лекин ҳозирча Тожикистон чегарасига нисбатан таҳдид ҳақида айтиш қийин", — деди Улуғхўжаев. Унинг айтишича, Афғонистон шимолидаги нотинч вазият сабабли чегарачилар жанговар шай ҳолатда турибди. "Ўтган йилнинг ўрталарида Афғонистоннинг Қундуз вилояти билан чегарадош туманларни қўриқлаш кучайтирилган, шунингдек, иккинчи мудофаа чизиғида Тожикистон мудофаа вазирлиги ҳарбийлари жойлаштирилган. Зарурият туғилганда улар чегарачиларга ёрдамга етиб келишади", — деди матбуот котиби. Афғонистондаги вазият кейинги ойларда сезиларли равишда ёмонлашди. Илгари мамлакатнинг қишлоқ жойларини эгаллаб турган "Толибон"йирик шаҳарларга ҳужум қилишга ўтди. Шунингдек, мамлакатда “ИШИД” террорчилик гуруҳининг таъсири кучаймоқда.