Ўзбекистон - Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форумида 730 млн долларлик ҳужжатлар имзоланди
(last modified Wed, 09 Jun 2021 10:54:09 GMT )
июн 09, 2021 15:54 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон - Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форумида 730 млн долларлик ҳужжатлар имзоланди
    Ўзбекистон - Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форумида 730 млн долларлик ҳужжатлар имзоланди

9 июн куни Бўхтар шаҳрида Ўзбекистон президентининг Тожикистонга ташрифи арафасида биринчи Ўзбекистон – Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форуми ўтказилди.

 Тожикистон бош вазири биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов, икки мамлакат вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари, чегарадош вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон турли ҳудудларидан келган 300га яқин тадбиркор иштирок этди деб хабар қилган Кун сайти.

Форум давомида икки мамлакат ҳудудлари ва тегишли идоралар раҳбарлари сўзга чиқиб, инвестициявий ҳамкорлик имкониятлари, шунингдек, автомобил саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва электротехника саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини биргаликда рўёбга чиқариш юзасидан аниқ таклифларнинг тақдимотини ўтказди. Шунингдек, тадбир доирасида “B2G” ва “B2B” шаклида иштирокчилар манзилли учрашувлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Форум якунлари бўйича Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим, автомобил, трансформатор, маиший техника ишлаб чиқариш, интенсив боғлар, иссиқхона комплекслари, қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш бўйича битимлар, шунингдек, бир қатор савдо шартномалари имзоланди.