Толибон ички ишлар вазири -Сирожиддин Ҳаққоний илк бор ОАВда юзини кўрсатди
Толибон ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийнинг сурати илк бор ОАВда пайдо бўлди
Бугун Сирожиддин Ҳаққоний Кобулда полиция академияси битирувчиларининг битирув маросимида иштирок этди. Маросимда хусусий ОАВ вакиллари ҳам таклиф этилганди.
Кобул шаҳридаги Толибон полиция қўмондонлиги матбуот котиби, Холид Задрон ҳам Толибон ИИВ раҳбари Сирожиддин Ҳаққоний суратини ўз саҳифасида жойлаштирди. Толибон ҳаракати олдин Ҳаққоний суратини тарқатганида юзини бироз хиралашган шаклда чоп этарди.
Сирожиддин Ҳаққоний АҚШ федерал қидирув бюроси томонидан террорчилар рўйхатига киритилган. АҚШ унинг ҳибсга олиши учун 5 миллион доллар ажратган.
Аммо Ҳаққоний Толибон ички ишлар вазири бўлганидан кейин, бу миқдор пул икки баравар оширилди.
Толибон ҳаракати АҚШнинг ушбу қарорини Доха келишувига зид деб ҳисоблайди ва бир неча бор ўз аъзоларини қора рўйхатдан чиқаришни талаб қилган.
Сирожиддин Ҳаққонийнинг юзи ОАВда пайдо бўлди, аммо Толибон етакчиси мулло Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг юзи яширилган ҳолда тасвирланган. Охундзоданинг фақат битта сурати чоп этилган.