“Марказий Осиё + Япония” ташқи ишлар вазирлари 8 - йиғилиши ўтказилди
Ўзбекистон ТИВ "Марказий Осиё + Япония" мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 8-йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтганини хабар қилди.
"Марказий Осиё ва Япония" видеоконференциясида, Япония, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари вакиллари, ташқи ишлар идоралари раҳбарлари иштирок этди деб хабар қилган uza,uz.
Ўзбекистон Республикаси номидан йиғилишда Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов қатнашди.
Ушбу платформанинг асосий вазифаси сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, Япония ва япон компанияларининг Марказий Осиёдаги мавқеини мустаҳкамлаш, минтақа давлатлари билан маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришдан иборат.
Бундан ташқари минтақалараро, маданий алоқаларни ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал мулоқот, инсон капитали алмашинуви ҳам кўп томонлама шерикликнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган. Шунингдек, мулоқот доирасида минтақада терроризм ва наркотрафикка қарши курашиш, минтақавий хавфсизлик, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика ресурслари, транспорт ва логистика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм, савдо ва инвестицияни кучайтириш масалалари ишлаб чиқилиб, келишиб олинмоқда.
Кун тартибига Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар, хусусан, СОVID-19 пандемиясига қарши курашиш, чегара назоратини кучайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги шериклик масалалари ҳам қўйилди.
Йиғилишда иштирок этган мамлакатлар вакиллари ўз чиқишларида Япония билан муносабатнинг бугунги ҳолати тўғрисида сўзлаб бердилар, ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидаги долзарб масалаларни белгилаб олдилар, Шунингдек, алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Сардор Умурзоқов делегатларга мурожаат қилиб, мамлакатимиз ҳамкорликни фаоллаштириш ва Мулоқот кун тартибини кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади. У Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорлик натижасини сарҳисоб қилди.