Толибоннинг тан олиниши учун қилган саъй-ҳаракатлари
Афғонистон Толибон ҳукуматининг Қатардаги вакили Толибоннинг тан олинмаслиги Кобул ва халқаро ҳамжамият учун зарар эканини айтди.
2021-йил августида ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан бери Толибон халқаро қонунийликни қўлга киритиш учун курашмоқда. Бироқ халқаро давлатлар ва ташкилотлар, жумладан Ғарб ҳамиша Афғонистондаги Толибон муваққат ҳукуматини инсон ҳуқуқларини поймол қилишда айблайди. Толибоннинг энг муҳим глобал талаби кенг қамровли ҳукуматни шакллантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, жумладан, аёлларнинг меҳнат қилиш ва афғон қизларининг таьлим олиш ҳуқуқини тан олишдир.
Тасним агентлиги хабарига кўра, Толибоннинг Доҳадаги сиёсий идораси раҳбари Соҳаил Шоҳиннинг айтишича, Афғонистон бошқарув органининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслиги ҳар икки томон учун ҳам зарардир.
Кобул ва халқаро ҳамжамият юзага келган имкониятлардан унумли фойдаланиши кераклигини таъкидлаган Шоҳин, Толибон етакчиларининг эркин сафар қилиши муддати узайтирилмаслигини Кобулнинг халқаро ҳамжамият билан алоқаларига тўсиқ деб ҳисоблади.
Толибон ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари халқаро ҳамжамиятдан Кобулга босим ўтказиш ўрнига ўзаро муомила ва ҳамкорлик йўлидан боришни сўради.
Илгари Толибон томонидан Кобулнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги вакили этиб тайинланган Шоҳин, Носир Аҳмад Фоиқнинг Афғонистон вакили сифатида давом этаётган фаолиятини танқид қилиб, у бу мамлакатнинг собиқ ҳукумат вакили эканлигини ва Афғонистон халқининг вакили эмаслигини айтди.
Толибон ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Толибон вакили иштирокисиз халқаро учрашувларнинг ўтказилишини самарасиз деб ҳисоблади ва Афғонистон бўйича йиғилишга мезбонлик қилаётган давлатлардан ҳукмрон органни ушбу учрашувларда иштирок этишга таклиф қилишни сўради.