МО давлатларининг етакчи аёллари Остонада инновациялар ва технологияларни муҳокама қилди
(last modified Tue, 20 Jun 2023 05:40:29 GMT )
июн 20, 2023 10:40 Asia/Tashkent
  • МО давлатларининг етакчи аёллари Остонада инновациялар ва технологияларни муҳокама қилди
    МО давлатларининг етакчи аёллари Остонада инновациялар ва технологияларни муҳокама қилди

Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги йиғилишида инновациялар ва технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон делегациясига Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилик қилди.

19 июнь куни Остона шаҳрида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унинг мавзуси «Инновациялар ва технологияларни ривожлантиришда аёлларнинг роли» бўлди.

Минтақавий платформа Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ кўмагида 2020 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчи аёллари ўртасида аёллар билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ва ҳамкорликни ўтказиш мақсадида ташкил этилган. 2023 йилда мулоқотга Қозоғистон раислик қилмоқда, мамлакат рақамлаштиришни ўзининг устувор йўналишларидан бири деб эълон қилган.

Учрашувда минтақа мамлакатлари фаол ва ишбилармон аёллари, академик ва илмий доиралари, нодавлат ва фуқаролик сектори саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, демографик ривожланиш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, туризм, маданият, экология, савдо ва рақамли технологиялар соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида бугунги кунда мулоқот Марказий Осиёда муҳим ўрин тутаётгани ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб қўллаб-қувватланаётгани, минтақавий миқёсда чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида минтақа мамлакатлари аёллари томонидан яратилган инновацион лойиҳалар ва стартаплар тақдим этилди. Қишлоқ жойларда рақамлаштириш лойиҳалари, оила ва жамият, аёллар тадбиркорлиги, касб-ҳунар таълими ва бандлигини таъминлашнинг долзарб масалаларини ҳал этишга қаратилган тақдимотлар кўриб чиқилди.Танзила Нарбаева Остонада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.