Қозоғистон президенти Ўзбекистон Сенат раиси билан учрашди
Ўзбекистон Сенати раиси Остана шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти"да қатнашди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқанв Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаевани қабул қилди.
Эрон тедлерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева ўртасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва давлатлараро муносабатларга янги суръат бағишлашга қаратилган Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Тоқаев Ўзбекистон Сенати раисига Остана шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти"даги муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва йиғилишдаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.
Тоқаев Нарбаеванинг ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг ўзига хос хусусиятининг ёрқин ифодаси экани, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига мос келишини таъкидлади.
Ўз навбатида Танзила Нарбаева кўрсатилган ҳурмат учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.
Сенат раиси Ўзбекистон Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак қадрлашини қайд этди.