Ўзбекистон- Қозоғистон савдо айлмашинувини 10 миллиард долларга етказиш мақсадлари муҳокама қилинди.
-
Ўзбекистон- Қозоғистон савдо айлмашинувини 10 миллиард долларга етказиш мақсадлари муҳокама қилинди
Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида Ўзбекистон–Қозоғистон Олий давлатлараро кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Мирзиёев ва Тўқаев учрашувида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, шу жумладан ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш мақсадлари муҳокама қилинди.
Кун сайтининг хабар қилишича, йиғилишда ҳамкорликнинг янги йўналишлари, икки томонлама салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш йўллари атрофлича кўриб чиқилди. Ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъминлаш, унинг таркибини диверсификация қилиш ва бизнес учун янада қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард долларга етгани қайд этилди ва 2030 йилгача бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш режаси тасдиқланди.
Бу мақсадларга эришиш учун савдо ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами шакллантирилгани, “ЎзКазТрейд” компанияси фаолияти йўлга қўйилгани, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмлари ишлаётгани таъкидланди.
Йиғилишда шунингдек, саноат кооперацияси доирасида “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказини ишга тушириш, умумий қиймати 1,3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги дастурни тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Транспорт ва логистика, сув-экология, энергияни тежаш, “яшил” технологиялар, ахборот технологиялари, шунингдек, фан, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги қўшма ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилувчи қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.