Толибон: Покистондаги ҳужумларни назорат қилиш бизнинг жавобгарлигимизда эмас
Исломободнинг Покистондаги терактларда Кобулни айблашини рад этиб, Толибон вакили Покистон ичидаги ҳужумларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бизнинг вазифамиз эмас, деб айтди.
Икки кун аввал Покистон армияси бош штаби бошлиғи генерал Асим Мунир Пешоварда қабила оқсоқоллари билан бўлиб ўтган учрашувда Афғонистонда террорчиларнинг қўриқхоналари борлигини ва уларнинг бу мамлакатда эркин ҳаракат қилишини яна бир бор иддао қилди ва огоҳлантирди:Покистон террорчилик тармоқларини йўқ қилиш ва фуқароларини ҳимоя қилиш учун бор кучини аямайди”.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Толибон матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон ҳукуматининг Афғонистон фуқароларининг ўша давлатдаги терактларга алоқадорлиги ҳақидаги баёнотларига жавобан, Покистон ҳукумати ўз мамлакатлари хавфсизлигини мустаҳкамлаш ўрнига яна бир бор айб бармоғини афғонларга кўрсатганини айтди.
Мужоҳид қўшимча қилди:Биз Покистондаги ҳар қандай ҳужум тарафдори эмасмиз ва ҳеч кимга Афғонистон тупроғидан Покистонга қарши фойдаланишига рухсат бермаймиз, лекин Покистон ҳудудидаги ҳужумларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бизнинг масьулиятимиз эмас, балки, ўз давлати бюджетининг катта қисмини бунинг учун сарфлайдиган ўша давлат хавфсизлик ва разведка идораларининг бурчидир.
Мужоҳид Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келиб, мустақил ва масьулиятли ҳукумат ўрнатилгач, бу мамлакат ва минтақадаги хавфсизлик вазияти сезиларли даражада яхшиланганини билдирди ва деди:Бундай вазиятда Покистон ўзининг барча хавфсизлик муаммоларини бошқаларга боғлаши ўринли эмас.
Толибон воизи бу айбловларни рад этиб, аниқлик киритди: Афсуски, минтақамиз АҚШ бошчилигидаги хорижий ишғол ва минтақадаги баъзи давлатларнинг сўнгги йигирма йил давомидаги нотўғри сиёсати қурбони бўлди, бунинг оқибатлари ҳали ҳам давом этмоқда. Покистон ўз хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни эҳтиёткорлик билан бошқариши ва ўз уйида ечим излаши керак.
У ўтган йили Афғонистондаги турли амалиётлар натижасида 18 покистонлик ИШИД аьзоси йўқ қилинганига ва яна ўнлаб кишилар ҳибсга олинганига эьтибор қаратди, аммо Кобул айбдорлик бармоғини Покистон томонига кўрсатиш ўрнига, хавфсизлик чораларини кучайтирди ва ҳозирда ижобий натижалар кўради.