Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 15 фоизга қисқарди
2023 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида тожик-ўзбек савдоси ҳажми ўтган даврга нисбатан 48 миллион доллардан кўпроққа камайди.
Жорий йил январь-июль ойларида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 267 миллион долларни ташкил этди, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга камдир.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг қисқариши асосан тожикистонлик маҳсулотларнинг Ўзбекистонга экспорти камайгани билан боғлиқ: 2023 йил январь-июль ойларида ўтган йилнинг мос давридаги 118 миллион доллардан 86 миллион долларгача.
Экспортнинг қисқариши, ўз навбатида, Ўзбекистонга минерал маҳсулотлар (цемент, электр энергияси, руда ва концентратлар ҳамда бошқа хомашё) етказиб бериш ҳажмининг қисқариши билан боғлиқлиги айтилмоқда.
Тожикистонга ўзбек товарлари импорти ҳам нисбатан бир оз қисқарган – 197 миллион доллардан 181 миллион долларгача.
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг қисқариш тенденцияси 2017 йилдан бери илк бор кузатилмоқда. Сўнгги йилларда тожик-ўзбек товар айирбошлаш ҳажми қарийб 8 бараварга — 2016 йилдаги 70 миллион доллардан 2022 йилда 555 миллион доллардан ошган эди деб хабар қилган Кун сайти.
Тожикистон Ўзбекистонга асосан, хомашё: бирламчи алюминий, электр энергияси, пахта толаси, цемент, чарм, пилла, ипак хомашёси, шунингдек, турли газламалар, ичимликлар, жумладан, спиртли ичимликлар, гиламлар ва бошқаларни етказиб беради.
Ўзбекистондан тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, табиий газ, минерал ўғитлар, пластмасса, пойабзал, кулолчилик маҳсулотлари, рангли металлар, электротехника ва механик ускуналарни импорт қилади.