сентябр 14, 2023 09:35 Asia/Tashkent
  • Марказий Осиё транспорт вазирлари қўшма коммюнике имзолашди
    Марказий Осиё транспорт вазирлари қўшма коммюнике имзолашди

Душанбе шаҳрида Марказий Осиё (МО) давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви арафасида МО транспорт вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Унинг якуни бўйича Душанбе коммюникеси қабул қилинди.

Учрашув Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим раислигида Қозоғистон транспорт вазири Марат Карабаев, Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Туркманистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги транспорт ва алоқа агентлиги директори Мамметхан Чакиев иштирокида бўлиб ўтган.

Марказий Осиё мамлакатлари минтақа давлатлари ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида транспорт ва логистика хизматларини ривожлантириш учун зарурий шарт-шароитларни яратишларини маълум қилишди.

Томонлар Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интермодал ва мултимодал трансчегаравий ва транзит транспорт хизматларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳозирги ва юзага келаётган масалаларни ҳал қилиш ҳамда минтақа мамлакатлари учун мултимодал йўлаклар орқали етказиб бериш занжирини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш муҳимлигини қайд этишди.

Коммюникега кўра, мамлакатлар икки ва кўп томонлама платформалардан фойдаланиб, ҳамкорликни мустаҳкамлашади. Бундан кўзланган мақсад: Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатлар ўртасидаги алоқани ривожлантириш ва транспорт йўлакларини яхшилаш.

Вазирлар “Марказий Осиёдаги ерусти боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги” битим лойиҳасини маъқуллашди. Битим 14-15 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви доирасида имзоланиши кутилмоқда.

Ёрлиқ