Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг “Енгилмас биродарлик” машқлари бошланди
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг “Енгилмас биродарлик-2023” номли машғулотлари бугун (душанба) Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилларида бошланди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, бугун, душанба куни Балиқчи шаҳридаги “Еделвейс” полигонида Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Беларус ва Қирғизистоннинг “Енгилмас биродарлик-2023” тинчликпарвар кучлари иштирокидаги КХШТ ўқув машғулотларининг дастлабки босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу ҳисоботда айтилишича, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг коллектив тинчликпарвар кучлари тинчликпарвар операциялар пайтида ўзаро ҳамкорлик билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.
Ушбу машқ бугундан 13 октябрга қадар Қирғизистон Республикаси ҳудудида ўтказилади. Ушбу машғулотларда қатнашиш учун Қирғизистонга Беларус, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон ҳарбий гуруҳлари кириб келган.
Шунингдек, ушбу ҳарбий тадбирда Бирлашган штаб ва КХШТ Котибиятининг тезкор гуруҳлари ҳам бевосита иштирок этади.
Таъкидланишича, машғулотлар мавзуси ташкилотнинг коллектив тинчликпарвар кучлари томонидан тинчликпарвар операцияларга тайёргарлик кўриш ва амалга ошириш бўлади. Унинг асосий мақсади мансабдор шахслар ва шахсий таркибнинг малакасини ошириш, шунингдек, минтақада тинчликпарвар операцияларни ўтказишда бўлинмаларнинг жипслигини оширишдан иборат.