Путин МДҲ саммитида иштирок этиш учун Бишкекка ташриф буюрди
Бугун Путин Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан алоҳида музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Россия президенти Владимир Путин Қирғизистонга ташриф билан борди. У Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида ва Россиянинг Кантдаги авиабазасининг 20 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этади.
МДҲ саммити эртага, 13 октябрь куни Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров раислигида Бишкекда бўлиб ўтади.
Бугун Путин Жапаров билан алоҳида музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Томонлар икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни, шунингдек, халқаро кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилади.
Шунингдек, президентлар Россиянинг Кантдаги авиабазасининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этади.
Бундан ташқари, ташриф давомида Путин МДҲдаги ҳамкасблари билан бир қатор алоҳида учрашувлар ўтказади. Бугун у Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан мулоқот қилади. Эртага эса Россия президенти Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан учрашади.
Малуьмот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун эртага, 13 октябрь куни амалий ташриф билан Бишкек шаҳри боради.