Имомали Раҳмон "КАСА 1000" лойиҳасини қайтадан бошлашни таклиф қилди
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Жаҳон банки раиси билан учрашувида " КАСА 1000" электр лойиҳасини қайтадан бошлашни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз пайшанба куни БАА мезбонлигида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP-28) бошланди.
Тожикистон президенти бу анжуман доирасида Жаҳон банки президенти Ажи Банга билан мулоқот қилди.
Имомали Раҳмон Жаҳон банкининг иқлим ўзгаришининг олдини олиш билан боғлиқ лойиҳаларини амалга ошириш молиявий ресурслар билан таъминлашда кўрсатаётган кўмакларини олқишлаб "КАСА 1000" - “Casa 1000” электр узатиш тармоғи лойиҳасини қайта бошлаш зарурлигини таъкидлади. Мазкур лойиҳа Афғонистон ҳудуди орқали Марказий Осиё ва Жанубий Осиёнинг энергетика бозорини боғлаши кутилмоқда.
Тожикистон президенти ва Жаҳон банки раиси икки томонлама алоқаларни хусусан қишлоқ хўжалиги, энергетика, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, шаҳарсозлик ва таълим каби соҳалардаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди.
Айтиш керакки айни пайтда Жаҳон Банки Тожикистонда қиймати 1 миллиард 500 миллион долларга тенг 28 лойиҳани молиялаштирмоқда.