апрел 18, 2024 16:34 Asia/Tashkent
  • Душанбеда Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди
    Душанбеда Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди

Тожикистон пойтахти- Душанбедаги “Қасри Миллат” давлат қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Спутник сайтига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари учрашувида, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқладилар”, — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш экани таъкидланди.

Шу маънода, иттифоқчилик муносабатларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш барча даражалардаги мулоқотлар натижадорлигини оширишни тақозо этиши қайд этилди.

“Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши биродар халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос келади”, — деди Ўзбекистон етакчиси.

Айтилишича, охирги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди.

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон

 

"Бугун имзоланаётган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда – парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлигини ошириш лозим”, — деди давлат раҳбари.

Сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Мирзиёев ҳудудлараро ҳамкорлик учун катта салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ташриф доирасида эришилган битим ва келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.

“Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Президентлар бу борада ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишни қўллаб-қувватладилар”,— дейилади хабарда.

Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада фаол қўллаб-қувватлашга аҳдлашиб олишди.

“Замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик билдирилди”, — дея қўшимча қилинган хабарда.

Ёрлиқ