Ўзбекистон фуқароларига Курск, Брянск ва Белгородда жамоат жойларига бормаслик тавсия этилди
Ўзбекистоннинг Москва даги элчихонаси Курск, Брянск ва Белгороддаги фуқароларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилди.
“Россиянинг Курск, Брянск ва Белгород вилоятларидаги вазият муносабати билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Ўзбекистон Республикаси фуқароларига зарур эҳтиёт чораларини кўришни, ўта зарурат бўлмаса, кўчага чиқмасликни, шунингдек жамоат жойларига боришни чеклашни тавсия қилади”, — дейилади хабарда.
Спутник сайтининг хабар қилишича, имкон қадар ушбу ҳудудларда таҳсил олаётган талабаларга вақтинча масофавий таълим форматига (онлайн) ўтиш тавсия этилди.
Консуллик ёрдами ёки маслаҳат учун Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Консуллик бўлимининг Call-марказига мурожаат қилиш мумкин.
+7 499 238-36-20; +7-499 230-00-76.
Электрон почта манзили: [email protected].
Маълмот учун, 17 август ҳолатига кўра, Курск йўналишидаги жангларда Украина Қуролли кучлари 3160 нафар ҳарбий хизматчи ва 44 танкни йўқотган.