Мирзиёев Ўзбекистон республика мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлади
Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев табрик нутқи билан сўзга чиқди.
Спутник сайтига кўра, Ўзбекистон президенти ўз нутқида, “Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий, албатта. Бу фидойи зотларнинг номларпрезидент.ини ҳеч қачон унутмаймиз! Уларнинг хотираси қалбимизда, юрагимизда ҳамиша яшайди”, — деб айтди.
Эслатиб ўтиш керакки, сўнгги 7 йилда Ўзбекистон ташаббуслари асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 10 дан зиёд, жумладан, жорий йилда 4 та махсус резолюция қабул қилинди.
Жаҳон банки бу йил мамлакати ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсишини прогноз қилди. Кўплаб давлатлар билан солиштирганда бу анча юқори кўрсаткичдир. Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 100 миллиард доллардан ошди.
“Одамларимизда ҳаётдаги муаммолар ечимига дахлдорлик ҳисси, фаол фуқаролик позицияси кучаймоқда. Аҳолимиз “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол қатнашиб, маҳаллалар ҳамда ижтимоий объектларни молиялаштиришни мустақил ҳал этмоқда. Ўтган даврда юртдошларимиз маъқуллаган 13 мингдан ортиқ лойиҳалар учун 11 триллион сўм маблағ ажратилгани ҳам буни тасдиқлайди”, — дейди Мирзиёев.
Таъкидланишича, мамлакатда “Яшил макон” дастури давом этмоқда. Айниқса, Орол денгизи тубини кўкаламлаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа минтақа бўйлаб чанг ва туз тарқалишининг олдини олишга ёрдам бермоқда.
Айтилишича, Ўзбекистон Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратилади.
“Лекин тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир”, — дея таъкидлади мамлакат етакчиси.
Президент ўз сўзида, 27 октябрь куни Олий Мажлис ва ҳудудлардаги вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга хам тўхталиб ўтди.
“Ушбу сайловлар янгиланган Конституциямиз белгилаб берган ижтимоий-сиёсий муҳитда, ривожланган давлатлардаги каби илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатишда ҳурматли аёлларимизнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгилаб қўйилди. Ишонаман, бўлғуси сайловлар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтади”, — деди президент.
“Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Бу рақамни ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак. Денгизга чиқиш имкониятимиз чекланганини инобатга олиб, эътиборимизни креатив соҳаларга қаратишимиз, уларни жадал ривожлантиришимиз зарур. Жаҳонда креатив саноат маҳсулотлари экспортидан йилига миллиардлаб доллар даромад топаётган мамлакатлар кўп. Бинобарин, шундай маҳсулот ишлаб чиқаришга бел боғлаган ижодкор ишбилармонларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама рағбатлантирамиз”, — дея қўшимча қилди у