Россия Сурхондарёдаги қудуқда водород сулфиди сизиб чиқишини бартараф этишга ёрдам берди
Ўзбекистон Энергетика вазирлигига кўра, Россиялик мутахассислар Бойсундаги қудуқда водород сулфиди сизиб чиқишини бартараф этишга ёрдам берди.
Спутник сайтига кўра, сентябрь ойи бошида таркибида водород сулфид юқори бўлган табиий газ сизиб чиққан “Мустақиллик-25” конидаги 604-сонли қудуқни сўндириш жараёни ўз ниҳоясига етди. Шу мақсадда табиий газнинг сизиб чиқишини олдини олувчи ускунанинг қўшимча блоги қурилиб ўрнатилди. Сўндириш учун қудуқ оғзини тайёрлаш ҳамда боғлаш жараёни ўтказилди.
“Қудуқ герметикланди, 15 сентябрь куни соат 16:50 да табиий газнинг сизиб чиқиши ҳолати тўлиқ сўндирилди”, — дейилади хабарда.
Ҳодиса оқибатларини режали бартараф қилиш жараёни махсус ташкил этилган штаб назорати остида тегишли вазирлик ва қўмиталар, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат тартибини сақлашга масъул ташкилотлар, шунингдек, кончилар ва бурғуловчи мутахассислар ҳамкорлигида амалга оширилди.
“Вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига ўзбекистонлик, шунингдек, Россия ҳамда АҚШлик экспертларнинг ташрифи уюштирилди”, — дея қайд этилган хабарда.
ҳодиса оқибатларини бартараф қилиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф юзага келмаган. Ишлар барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган ҳолда олиб борилди.
“Ҳодиса бошидан ҳамма зарур чоралар кўрилган. Хусусан, атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ҳамда мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, бурғулаш қурилмасининг ишчи майдонини тозалаш ишлари амалга оширилди. Таянч майдон махсус техника ва ускуналарни тўлиқ ўрнатиш ҳамда фойдаланиш учун тайёрланди