Шавкат Мирзиёев: Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топилиши муҳим
Шавкат Мирзиёев 11 ноябр куни навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлади.
Кун сайтининг хабар қилишича, Саудия Арабистони раислигида ўтган тадбирда Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё, Африка қитъасининг етакчи мамлакатларининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон президенти Фаластин-Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Ислом мамлакатлари саммитида глобал ва минтақа даражасида самарали механизмлар ва аниқ ечимлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилишига ишонч билдирилди.
Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва тинчлик музокараларини бошлаш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий эътибор марказида туриши зарурлиги қайд этилди.
Қадимий ва бой тарихга эга фаластин халқи 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли экани таъкидланди.
Шу маънода, Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган Икки давлат ечими учун глобал алянс фаолияти қўллаб-қувватланди.
Мирзиёев шунингдек, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади.
Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган «Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё» саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти билдирилди.
Президент муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Сўзининг якунида давлат раҳбари мазкур учрашув Яқин Шарқ муаммосини ҳал этишда катта қадам бўлишига умид билдирди.