Ўзбекистон Хитойга газ экспортини икки бараварга оширди
(last modified Wed, 09 Apr 2025 10:35:00 GMT )
апрел 09, 2025 15:35 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Хитойга газ экспортини икки бараварга оширди
    Ўзбекистон Хитойга газ экспортини икки бараварга оширди

2025 йилнинг дастлабки икки ойи якунларига кўра, Ўзбекистон газнинг соф экспортчисига айланди.

Аниқ сайтининг Ўзбекистон Миллий статистика қўмитасига таяниб хабар қилишича, январ-феврал ойларида Туркманистон ва Россиядан “кўк ёқилғи” импорти деярли уч бараварга — $35,8 млнгача камайди. Январ ойида табиий газ етказиб бериш $27,8 млнни ташкил этиб, 2024-йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 баробарга ўсди, бироқ феврал ойида $8 млнгача камайди.

Йил бошидан бери Хитойга газ экспорти ярмидан кўпроққа ошиб, $42 млнга етди. Хусусан, январ ойида Хитойга  $21,8 млн (2024-йил январига нисбатан ўсиш 9%), феврал ойида эса $20,2 млн (уч баробар ўсиш) газ етказиб берилди.

Бироқ, Миллий статистика қўмитаси маълумотлари Хитой Божхона бош бошқармаси маълумотларидан сезиларли даражада фарқ қилади. Унга кўра, Ўзбекистон январ-феврал ойларида $49,4 млнлик газ экспорт қилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,85% га кам.

Бундан ташқари, Хитой божхонаси Ўзбекистондан табиий газ етказиб беришнинг ойлик ҳажми январ ойидаги $26,1 млндан (олдинги даврга нисбатан 32,6% га пасайиш) феврал ойида $23,3 млнгача (ўсиш 25,2%) қисқарганини маълум қилди.

Хитойга газ экспорти бўйича етакчилик Россияга  ўтди, мамлакат жорий йилнинг дастлабки икки ойида $1,75 млрдлик “кўк ёқилғи” етказиб берган. Туркманистон   эса $1,38 млрд билан кутилмаганда иккинчи ўринга тушди. Кейинги ўринларда Мянма ($277,1 млн), Қозоғистон ($170,2 млн), шунингдек, АҚШ ва Италия турибди.