Ўзбекистон ҳудудларида янги газ захиралари аниқланди
Ўзбекистон ҳудудларида янги газ захиралари аниқлангани ва қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинганини Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, шу йилнинг ноябрь ойида президент “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида бўлганида истиқболли геология майдонларини ўзлаштириш бўйича вазифалар қўйган эди. Йиғилишда соҳа мутасаддилари ушбу вазифалар ижроси, 2024 йилга мўлжалланган геология-қидирув ва ишлаб чиқариш дастури бўйича ахборот берди.
Қайд этилганидек, бу ишлар икки йўналишда – ҳам мавжуд конларда газ қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиш, ҳам янги захираларни аниқлаш бўйича олиб борилмоқда.
“Охирги йилларда геология-қидирув ишлари 2-3 километрдан 4-5 километр чуқурликкача туширилди. Бунинг натижасида янги газ захиралари аниқланди, қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, халқаро консалтинг компанияси жалб қилиниб, кўплаб истиқболли қудуқларни ишга тушириш имкони топилди. Келгуси йилда 3,5 минг квадрат километр майдонда сейсмик ишлар олиб бориш ҳамда янги қидирув қудуқлари қуриш режалаштирилган.