Яман: Бобул-Мандаб бўғози устидан тўлиқ назоратга эгамиз
Яманнинг Ансоруллоҳ ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Саноа Бобул-Мандаб бўғози устидан назоратни қўлда тутиб турганини таъкидлади.
ParsToday хабар беришича, Яманнинг Ансоруллоҳ ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Ҳизом ал-Асад якшанба куни «Ал-Маядин» телеканалига берган интервьюсида шундай деди: «Саноа Саудия режимига ва Саудияга қарам кучларнинг Бобул-Мандаб бўғози устидан назорат ўрнатгани ҳақида миш-миш тарқатган барча кишиларга қаттиқ зарба берди. Яман Қуролли кучлари ҳатто ғарбий соҳилларни назорат остига олишдан олдин ҳам Бобул-Мандаб бўғози ва Қизил денгизни назорат қилар эди. Яман Қуролли кучларининг кўплаб кутилмаган чоралари бор. Агар Саудия тажовузлари ва қамалини давом эттирса, уни янада кўпроқ кутилмаган ҳолатлар кутмоқда».
Ҳизом ал-Асад шундай деди: «Яман халқи майдонда шундай кучлар нисбатини шакллантирмоқдаки, Саудия душмани ва унинг ҳамтовоқлари буни англаб етади. Бугунги жанг Саудия режими билан Яманнинг барча қатламлари ўртасида кечмоқда».
Ал-Асад АҚШ ва Исроил тажовузларига ёки бошқа ҳар қандай тажовузкорга қарши туриш учун Яман ҳар қандай кескинлик жараёнига тайёр эканини таъкидлаб, жавоб қайтариш учун кўплаб имкониятлар мавжудлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Саудия ҳужумлари оқибатида Яман ҳудудида нишонга олинган барча иншоотлар фуқаролик объектлари бўлиб, улар қаторига аэропортлар, кўприклар ва алоқа тармоқлари киради.