Ўзбекистон ҳукумати зилзиладан жабр кўрган афғонистонликларга инсонпарварлик ёрдами жўнатди
https://parstoday.ir/uz/news/middle_asia-i97646-Ўзбекистон_ҳукумати_зилзиладан_жабр_кўрган_афғонистонликларга_инсонпарварлик_ёрдами_жўнатди
Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга 6 сентябрь куни 265 тонна инсонпарварлик ёрдами юборганини мамлакат ТИВ-и хабар қилди.
(last modified 2025-09-08T07:45:36+00:00 )
сентябр 07, 2025 15:47 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ҳукумати зилзиладан жабр кўрган афғонистонликларга инсонпарварлик ёрдами жўнатди
    Ўзбекистон ҳукумати зилзиладан жабр кўрган афғонистонликларга инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга 6 сентябрь куни 265 тонна инсонпарварлик ёрдами юборганини мамлакат ТИВ-и хабар қилди.

Спутник сайтининг Ўзбекистон ТИВ-га таяниб хабар қилишича,  ёрдамни топшириш Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида амалга оширилди. Умумий оғирлиги қарийб 265 тоннани ташкил этган, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат юк “Termez Cargo Centre” ҳудудида шакллантирилиб, 14 та юк автомобили орқали Ҳайратонга етказилди.

Ўзбекистон томонидан маросимда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди. Улар бундай ташаббуслар президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, бирдамликни ривожлантириш ва афғон халқини қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлашди.

Ўзбекистон ва Афғонистон

 

Балх вилояти раҳбарияти номидан сўзга чиққан Ф.Робий Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон етакчиси ва халқи барча қийин даврларда афғон халқининг ёнида турганини таъкидлади. У бу ёрдамни чинакам биродарлик рамзи сифатида баҳолаб, афғон халқи ва раҳбарияти буни ҳеч қачон унутмаслигини қайд этди.

“Афғонистон вакиллари ўзбекистонликларнинг ёрдамини оддий дори-дармон ва озиқ-овқат эмас, балки бирдамлик ва инсонийлик рамзи сифатида қабул қилишларини таъкидлаб ўтдилар. Бу ёрдам афғон халқи қалбида ўзбек халқининг меҳр-шафқати ва сахийлиги сифатида абадий сақланиши қайд этилди”, - дейилган хабарда.