Хуросон ғариби
-
Хуросон ғариби
Адиб Жувайний шофеий Муҳаммад бин Қосим Нишопурий ҳақидаги қуйидаги ривоятни баён этади:
"Мен Имом Ризо (а) қабрини зиёрат қилишни ёқтирмайдиган кишилардан эдим. Одамларни бу ишдан қайтаришга даъват қилардим. Бир кеча ажабтовур туш кўрдим. Тушимда гўё Машҳаддаман. Имом Ризо (а) марқади қошида, қабр ёнида Муҳаммад Мустафо (с)ни учратдим. Намоз ўқиш билан банд эдилар. Ногаҳон қулоғимга шундай садо чалинди:
"Зиёрат натижасида Аллоҳ таъоло муаммоларини бартараф айлайдиган қабрни кўрмоқчи бўлган киши ушбу қабр зиёратига келсин. Аллоҳ бунда Расули Акрам зурриёдларидан бирини жо этган".
Муҳаммад бин Қосим давом этади:
"Уйқудан ўйғонганимда жиққа терга ботган эдим. Шошилинч равишда хизматкоримни чақириб, уловимни ҳозирлашини буюрдим. Имом Ризо (а)нинг мутаҳҳар марқади зиёратига отландим. Шундан буён йилда икки маротаба Аллоҳ ҳабибининг бу муборак фарзандини зиёрат қиламан"
Жувайний ёзади: "Гўзал хулқ-атвори ила ўзгаларга намуна бўлган фозил пешво Фаридуддин Ҳибаҳуллоҳ бин Муҳаммад бин Маҳмуд Адиб Жундий (Аллоҳнинг раҳмати унга бўлсин) Машҳад шаҳрида дафн этилган Имом Ризо (а)нинг мутаҳҳар марқадини биринчи марта зиёрат қилган чоғи (Аллоҳ унинг зиёратини қабул айласин ва номаи аъмолига рақам қилсин) ўзи учун шундай қайд қилади:
"Орзуси Парвардигорининг ризоси бўлган биродарим, билиб қўй, яхшиликка мункир бўлган киши маломатга қолади. Шу сабабли Али бин Мусо Ризо (а)нинг марқадини зиёрат қил! ( Аллоҳ ундан рози бўлсин)"
Жувайний Шофеий Абу Назр Музин Нишопурий томонидан ривоят қилинган ушбу ҳикоятни келтиради:
"Оғир хасталикка чалиндим. Тилим тутилиб, сўзлай олмай қолдим. Бирор-бир дори-дармон таъсир қилмади. Зеҳнимга Имом Ризо алайҳиссалом муборак марқадларини зиёрат қилиш хаёли келди. Бориб, марқадлари ёнида дуо қилиб, имом ҳазратларини восита келтириб, Парвардигори каримдан хасталигимга шифо ато этишини илтижо қилмоқчи бўлдим. Зиёрат мақсадида Нишопурдан Муқаддас Машҳад шаҳри сари йўл олдим.
Имом Ризо алайҳиссалом қабрларини зиёрат қилиб, бош қисмида намоз ўқишга тутиндим.
Расулуллоҳ (с)нинг бу муборак фарзанди қадру манзалати ҳаққи - ҳурмати дардимга шифо бахш этишини Аллоҳ таъолодан илтижо қилдим. Саждага бош қўйганимда уйқу элитди. Тушимда осмондаги ой ичидан бир одам чиқиб келди. У менга яқинлашиб, буюрди:
"Эй Абуназр! "Ла илаҳа иллаллоҳ " деб айт!"
Мен қўлим билан ишора қилиб, гапиролмаслигимни тушунтирмоқчи бўлдим. Нуроний киши ғазаб билан бақирди: "Аллоҳнинг қудратига иймонинг йўқми? "Ла иллоҳа иллаллоҳ" деб айт!"
Бу муборак калимани такрорладим. Ажабо, тилим тутилмади. Шодлигимнинг ҳад-ҳудуди йўқ эди. Аллоҳнинг бу улуғ неъмати шукронасига Машҳаддан Нишопургача яёв қайтдим. Нишопурга етгунча "Ла илаҳа иллаллоҳ" зикрини такрорлаб келдим. Умр бўйи тилим бошқа тутилмади".
Имом Ризо (а) зиёратига мушарраф бўлган кишилардан ўз таассуротларини баён айлашларини сўраймиз. Тингловчиларимизнинг мароқли суҳбатлари "Хуросон ғариби" туркум дастурларимизда бериб борилади.