Ислом йўналишидаги талабалар Ал-Азҳар ва Оксфордда таълим олади
(last modified Tue, 05 Sep 2017 05:54:21 GMT )
сентябр 05, 2017 10:54 Asia/Tashkent
  • Шоазим Сиддиқметов
    Шоазим Сиддиқметов

Тошкент Ислом институтининг иқтидорли талабалари Мисрдаги Ал-азҳар, Англиянинг Оксфорд университети исломшунослик йўналиши, Германиянинг бир қатор олийгоҳларида ўқишни давом эттириши мумкин. Ҳукумат уларнинг ўқиш ҳаражатлари ва стипендияларини тўлаб беради.

Бу ҳақда azon.uz сайти Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваровга таяниб хабар бермоқда.

Миноваров Тошкент Ислом институтида янги ўқув йили очилиш маросимида қатнашган.

"Шоазим Миноваров эндиликда Ислом институтининг иқтидорли, аълочи талабалари дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида, жумладан Миср Араб Республикасидаги Ал-азҳар университетида, Англиянинг Оксфорд университетидаги исломшунослик йўналишида, Германиянинг бир қатор олийгоҳларида ва бошқа олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириши учун шароит яратиб берилиши, уларнинг стипендияси ҳам шунга яраша бўлиши ҳақида айтди", - дейилади хабарда.

Олдинроқ Шавкат Мирзиёев диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси Ислом цивилизацияси маркази ихтиёрига ўтказилиши ҳақида айтган эди. Мирзиёев ҳукумат тепасига келгач Бухородаги Мир араб мадрасаси мақоми ўзгартирилган ва у олийгоҳга айлантирилган эди.

Соҳа мутахассислари сўнгги 20 йил ичида диний соҳадаги талабалар ўз ҳисобидан хорижга ўқишга бориб келаётганини айтишади.

Мустақилликнинг илк йилларида асосан дунёвий йўналишда таълим олувчи талабаларни ўқишга юбориш учун "Умид" жамғармаси тузилган эди.

"Умид" жамғармаси 2003 йил 1 июль куни ўз фаолиятини расман тугатди.

Ёрлиқ