Гулнора ва Telia можароси: 1 миллиард доллар жарима
(last modified Sun, 24 Sep 2017 05:28:37 GMT )
сентябр 24, 2017 10:28 Asia/Tashkent
  • Гулнора ва Telia можароси: 1 миллиард доллар жарима
    Гулнора ва Telia можароси: 1 миллиард доллар жарима

Ucell эгаси бўлган собиқ Teliasonera 2007-2010 йиллар оралиғида ўзбек телеком бозорига кириш ва ундаги ҳиссасини кўпайтириш учун ҳукумат мулозимларига $331.2 миллион доллар пора бергани айтилади.

Ўзбекистондаги лицензияси учун пора бергани иддао қилинган Швециянинг Telia ширкати АҚШ ва Европадаги маҳкама даъволарини қондириш учун 965 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган.

Швеция ва АҚШ расмийларига кўра, Ўзбекистонда берилган поралар Telia га 457 миллион ноқонуний фойда ва 2,5 миллиард доллар даромад кўриш имконини берган.

Ширкат раҳбари Йоҳан Деннелинд пайшанба куни Нью-Йорк маҳкамасида эришилган келишув "Telia компанияси тарихидаги афсусланарли саҳифага якун ясаши"ни айтган.

Келишув ширкатга унинг шартларига риоя этган муддат давомида жиноий таъқибдан қутулиш имконини беради.

Telia ушбу келишув ўзига қарши коррупция билан боғлиқ барча терговларга якун ясашини айтган, аммо Рейтер агентлигининг ёзишича, Швеция прокурорлари алоҳида шахсларга нисбатан ҳануз мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш эҳтимоли билан боғлиқ терговни давом эттирмоқда.

Ширкат раҳбарияти шу йил апрелида маҳкама даъволари Teliaга 1 миллиард долларга тушиши мумкинлигини айтганди.

Ширкатнинг Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин шахсларга пора бергани ҳақидаги иддаолар 2013 йилда TeliaSonera ижроия директори ва ва директорлар кенгаши аъзоларининг истеъфосига сабаб бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги "Билайн" эгаси бўлган VimpelCom ширкати ҳам ўзбек телекоммуникация бозоридаги коррупция айбловлари туфайли АҚШ ва Голландия ҳукуматига 795 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати АҚШ ва Европанинг қатор давлатларида тергов қилинган жиноят ишлари доирасида музлатиб қўйилган 1 миллиард доллар маблағни қайтариб олишга уринаётгани айтилади.

Ўтган ой Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг Россиядаги мол-мулкини хатлашни сўраб, мурожаат қилган.

Прокуратура маълумотларига кўра, Гулнора Каримова раҳбарлик қилгани айтилган гуруҳнинг 12 та хорижий давлатда легаллаштирган маблағлари аниқланган.

Уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиард долларга яқин экани айтилади.

Бош прокуратура марҳум президентнинг қизига 2015 йилда 5 йилга озодликни чеклаш жазоси қўлланилганини маълум қилган.

 

Ёрлиқ