Ҳадис илми Олий мактаби – аждодлар довруғини тиклаш йўлидаги жиддий қадам
-
Ҳадис илми Аллоҳ ҳузурида илмларнинг энг шарафлисидир
Ҳадис илмидан таълим берадиган устозларни Ҳиндистон, Миср ва Сурия каби бу илмлар ривож топган мамлакатлардан чорлаш мумкин. Масалан, Муҳаммад Аввома, Муҳиддин Аввома, Нуриддин Итр, Муҳаммад Мужир Хатиб, Мустафо Диб Буғо, Мавлоно Салмон, Абдуллоҳ Маъруфий, Имрон Мансурпурий, Шайх Ҳусайн каби улуғ устозлар номзодларимиз бўлиши мумкин.
Ҳадис илми Аллоҳ ҳузурида илмларнинг энг улуғи, шарафлиси ва буюк даражалисидир. У билан шуғулланиш орқали Аллоҳ таоло Каломининг муродлари англанади, Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволлари, шамоиллари, тасарруф ва одоблари, шунингдек ислом аҳкомлари ўрганилади. Уламоларнинг айтишига қараганда, ҳадис илмини ўрганиш кишида ҳалимлик, олийжаноблик ва ҳакимлик каби олий хулқларни пайдо қилади ва ўзида бор яхши сифатларни тарбиялайди.
Кейинги пайтларда диёримизда ана шу буюк илмни қайта жонлантириш ва довруғи бутун дунёга кетган аждодларимиз давридаги ҳолатига қайтариш ҳаракатлари бошланди. Бу эзгу мақсад давлат сиёсати даражасига-да кўтарилмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўлқини диний соҳани ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Балки устозлардан бирининг таъбири билан айтганда, ислоҳотлардан энг кўп баҳра олаётганлар бу – аҳолининг диний қатлами бўляпти. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Қарорининг лойиҳаси эълон қилинди. Ўз ўрнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фуқаролардан Қарор лойиҳаси бўйича ўз таклифларини юборишни сўради ва лойиҳа матнини ўз сайтида эълон қилди.
Қарор лойиҳасини кўздан кечириш асносида шунга амин бўлдимки, бу йўналишда амалга ошириш керак бўлган ишларнинг қарийб барчаси лойиҳада ўз аксини топган. Фақат айрим қўшимчалар киритиш ва борларига озгина изоҳ бериш қолган, холос.
Мени лойиҳанинг иккинчи қисмидаги мана бу жойлари эътиборимни тортди:
- юртимизда асрлар давомида шаклланган “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш мақсадида ҳадис, калом илми, тафсир, фиқҳ, араб тили фанлари бўйича замонавий модуль тизимига асосланган дарс ва тўгараклар ташкил этиш ва улар фаолиятига юртимизда ва жаҳонда кўзга кўринган уламоларни жалб қилиш;
- ҳадис ва ҳадис илми бўйича етук мутахассис кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, кадрлар соҳасида халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш.
Лойиҳанинг мана шу қисми юзасидан менинг таклифларим бор. Мактаб ташкилий ишлари тугагач, ишни энди чет элдан кучли ва машҳур муҳаддисларни таълимга чақиришдан бошлаш керак. Бу вазифани ҳал қилиш унча қийинчилик туғдирмайди. Биринчидан, бундай устозлар, гарчи жаҳон эътироф қилган олимлар бўлишса-да, одатда таълим учун катта ҳақ талаб қилишмайди. Йўлкира, ётоқ ва тирикчилик учун етарли ҳаражатларни бўйинга олиш кифоя. Иккинчидан, улар учун ҳадис илмлари ватани бўлган, кейинчалик бу илмлар инқирозга юз тутган мамлакатда ва Бухорийлардек зотлар юртида бундай улуғ илмларни жонлантириш шараф, бурч ва қизиқарли машғулот саналади.
Ҳадис илмидан таълим берадиган устозларни Ҳиндистон, Миср ва Сурия каби бу илмлар ривож топган мамлакатлардан чорлаш мумкин. Масалан, Муҳаммад Аввома, Муҳиддин Аввома, Нуриддин Итр, Муҳаммад Мужир Хатиб, Мустафо Диб Буғо, Мавлоно Салмон, Абдуллоҳ Маъруфий, Имрон Мансурпурий, Шайх Ҳусайн каби улуғ устозлар номзодларимиз бўлиши мумкин.
Фикримизча, бундай устозларнинг вақт ва имкониятларига қараб, бир ойдан бир неча йилларгача Олий мактаб таълимига таклиф этиш мумкин. Агар улар илк ўқувчиларга Ҳадис илми, “Сиҳоҳ ситта ёки тисъа”ни шарҳлаб таълим беришса, Олий мактаб савиясини поғоналар кўтариб беришган бўларди. Қолган камчиликларни эса, кейинчалик Мактаб битирувчиларини ҳадис илми ривожланган юртларга жўнатиб, бартараф этса бўлади.
Мактаб ўқувчилари хусусидаги таклифларга келсак, Олий мактаб бўлгани ва олдига юксак мақсадлар қўйгани учун талабаларнинг асосини диний билим юртларини тугатган малакали мутахассислар ташкил этиши керак. Қолаерса, таклиф этилиши кутилаётган устозлар дарсларини араб тилида олиб борадилар. Ажнабий тилда ўтиладиган бундай савияли ва илмий дарсларни яхши ўзлаштириш учун тингловчиларнинг ўзи ҳам юксак савиядаги билим эгалари бўлиши лозим бўлади.
Агар илк тингловчилар Мактабни муваффақиятли тамомлашса бу соҳада бир қадам олдинга силжиган бўлардик. Бундай ҳолатни биз Саудия Арабистони, Марокаш ва Жазоир каби мамлакатлар тажрибасида кўрганмиз. Улар ҳам худди бизнингдек босқичдан ўтишган. Ҳадис илмини ўзларида юксалтириш учун ўқув юртларига чет эллик кучли муҳаддисларни жалб қилишган. Ўзларида икки ё уч авлод битирувчилар етишиб чиққач, ажнабий олимлар хизматига эҳтиёжлари камайган ва ҳадис илми соҳасида бир қадар муваффақиятга эришишган.
Агар биз ҳам ҳукуматимиз таклиф этаётган ва чет элларда тажрибадан ўтган мазкур босқичдан ўтиб олсак, Худо хоҳласа юртимиз ҳам бу соҳада аввалги довруғини тиклайди. Ҳадис илми борасида аждодлари бошлаб берган эзгу ишларнинг давомчиси ва уларнинг муносиб издоши бўлади.
Мубашшир АҲМАД, Тошкент Ислом олий маъҳади фиқҳ ва тасаввуф ўқитувчиси