Туман ҳокими селектор мажлисида ҳушидан кетиб ўлди
-
Асилбек Юсупов
6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган.
Андижонлик врачга кўра¸ туман ҳокими геморрагик инсульт ташҳиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиали клиникасига ëтқизилган. Врачга кўра¸ “кома ҳолатида бўлган Юсупов уч кун мобайнида ИВЛ аппарати (Ўпкада ҳаво алмашишини таъминлайдиган ускуна) билан ушлаб турилган".
Селектор йиғилишида қатнашган фермерлардан бирининг иддаосича, Улуғнор туман ҳокими 3- октябрь куни селектор йиғилишида Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан қаттиқ ҳақоратланган:
- Ўзи у кишининг ҳоким бўлиб ишлаганига етти ойча бўлувди. Асилбек Акрамович шу йилнинг 22 февралида Улуғнорга ҳоким бўлиб келувди. Тиришқоқ ва ишчан эди. Унақа касал бўлганини ҳам билмаймиз. Пахта масаласидаги рақамлар борасида раҳбарлардан эътироз бўлди селектор пайтида. Ўрнидан туриб юрмоқчи бўлди¸ кейин мункиб кетди. Тез доктор чақирдик. Аммо кеча кечқурун ўтиб қолди. Бугун пешинга чиқардик. Уч боласи ортида қолди раҳматлининг, деди туман ҳокимининг жанозасида қатнашган туман ҳокимлиги мулозими
Андижон вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, 3 октябрь куни Улуғнор туманида пахта терими ҳажми камайган. Туман 2 октябрь куни 660 тонна 857 кг, 3 октябрь куни эса, 543 тонна 700 кг пахта топширган.
Туман ҳокими лавозимида оламдан ўтган Асилбек Юсупов бундан олдин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти директори лавозимида ишлаган.