Тожикистонда таниқли шифокор “Салафия”га алоқадорликда айбланмоқда
Сўғд вилоят Юрак-қон томир жарроҳлик марказида ишлайдиган ва ўнлаб муваффақиятли амалиётларни ўтказган каридиохирург ўтган ой охирларидан бери Хўжанддаги 2-тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.
Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида таниқли жарроҳ Абдумалик Саломов "Салафия” оқимига алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинган. Сўғд вилоят Юрак-қон томир жарроҳлик марказида ишлайдиган ва ўнлаб муваффақиятли амалиётларни ўтказган каридиохирург ўтган ой охирларидан бери Хўжанддаги 2-тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.
Сўғд вилоят прокуратураси кардиохирург ҳибсга олинганини тасдиқлаган. Тергов тахминига кўра, А.Саломов хўжандлик салафийлар йиғилишларида қатнашиб турган. Бироқ жарроҳ айнан нимада айбланаётгани ҳозирча маълум эмас.
41 ёшли Абдумалик Саломов узоқ йиллар давомида Москвадаги Бакулев номли Юрак-қон томир жарроҳлик маркази ҳамда Россия Мудофаа вазирлигига қарашли А.А.Вишневский номидаги Марказий ҳарбий клиник госпиталда фаолият юритган. Саломов 2015 йили Сўғд вилоят юрак-қон томир жарроҳлик марказига ишга таклиф қилинганди.
Ҳамкасблари кардиохирургнинг ҳибсга олиниши ўзлари учун ҳеч кутилмаган ҳол бўлганини айтмоқдалар.
“Саломов – юқори малакали мутахассис, зўр кардиохирург. Унинг Умрага борганидан хабардорман, аммо салафийлар билан алоқада бўлганига ишониш қийин. У жуда мулойим киши, мижозлари унинг зийраклиги, эътиборлилиги ва меҳрибонлиги учун жуда яхши кўришади”,деган бўлим мудири Мубинжон Иноятов.
Тожикистонда “Салафия” оқимига мансубликда айбланган ўнлаб киши шу кунда қамоқ жазосини ўтамоқда.