Шошилинч! Яна бир ўзбек йигит жангарилар чангалига тушдими?
(last modified Tue, 28 Nov 2017 16:35:45 GMT )
ноябр 28, 2017 21:35 Asia/Tashkent
  • Шошилинч! Яна бир ўзбек йигит жангарилар чангалига тушдими?

"Намоз ўқишни ҳам билмасди. Тойлоқ туманида уч йил спорт коллежида ўқиган, юнон-рим кураши бўйича. Тойлоқ Олимпия заҳиралари коллежида уч йил бўлиб, оиласидан бироз бегоналашганди чоғи. Ҳар доим ҳарбий бўламан деб орзу қиларди", - дейди Сарвар.

Би-би-сига боғланган ўзбекистонлик кишининг айтишича, Афғонистонда Исломий Давлат (ИШИД) жангариси дея гумон қилиниб ҳибсга олинган Шерзод Анваров унинг дўстидир.

Би-би-си уч кун аввал Афғонистон шимолидаги Жаузжон вилоятида "асли бухоролик" Шерзод Анваров қўлга олингани ва у айни вилоятдаги ИШИД бўлимига раҳбарлик қилишда айбланаётганини хабар қилганди.

У ҳозир Афғонистон пойтахти Кобулдаги хавфсизлик кучларига топширилган.

Би-би-си билан боғланган Сарвар (исми ўзгартирилган) билдиришича, Шерзод Анваров бухоролик эмас, балки Самарқанднинг Оқдарё туманида туғилиб ўсган.

Сарварнинг айтишича, Шерзод йил бошида Туркияга ишлаш учун кетган, аммо кўп иши юришмай ва алданиб қолиши ортидан йўқолиб қолган.

Сарвар охирги марта у билан август ойида мулоқот қилгани ва қаердалигини сўрагани, аммо Шерзод қаердалигини яширганини айтади.

"Июнь ойида у Оқдарёдаги унаштирилган қизига телефон қилган. Мен шу номерни қиздан олиб, интернетга солиб кўрсам, Афғонистонники бўлиб чиқди. Кейин у Одноклассникидаги профилида "Афғонистонда ҳалок бўлган Аскарлар хотирасига" деб статус ёзди. Ўша статусни ёзганидан кейин аниқ бўлди, демак, Афғонистонда экан деб хулоса қилдик", - дейди у.

 Шерзод уч йил спорт коллежида таҳсил олган.

"Туркияга Самарқанддан бир киши билет олиб бериб жўнатган. Истанбулга бориб Наврўз исмли ўзбек боланинг уйида бир ҳафталар турди. Ўшанда менга айтишича, 300 долларини олган одам иш топиб бериши керак бўлган, лекин топиб бермаган. Орада гаплашганимда, у бу ердан чиқаман, одам кўп квартирада, аёл эркак аралаш ётади, иш ҳам топиб бермади, пулни бермаяпти, деб жанжал қилиб чиқиб кетиб қолган. Кейин қаердасан десам, жўраларим олдидаман, деди. Йўқотган пулини ўйларди ҳадеб. Пулни ўйлама, пул топилади, дегандим", - дейди Сарвар.

Шерзод жорий йил ёзигача ватсап ва телеграмдан ёзиб турган, ва ишлаб тургани, ҳамда кўчаларда иш қидирганини ёзган. Икки ҳафта йўқ бўлиб қолиши ортидан, 10 июнда Сарварнинг ёрдамига жавобан "Берган пулингдан рози бўл" дея ҳайрлашув руҳидаги смсини ёзган. Шунинг ортидан унинг оиласи кўнглига ғулғула тушган.

Сарварнинг айтишича, қариндошлари ва дўстларига у оддий, динга қизиқмаган, спортчи ўсмир бўлиб танилган.

"Намоз ўқишни ҳам билмасди. Тойлоқ туманида уч йил спорт коллежида ўқиган, юнон-рим кураши бўйича. Тойлоқ Олимпия заҳиралари коллежида уч йил бўлиб, оиласидан бироз бегоналашганди чоғи. Ҳар доим ҳарбий бўламан деб орзу қиларди", - дейди Сарвар.

Шерзоднинг Афғонистонда қўлга олинганини эшитган оиласи, Сарварнинг айтишича, шокка тушишган. Шерзод оддий оиладан, уч ўғилнинг ўртанчаси. Отаси - уста, онаси эса боғча тарбиячиси.

"Улар билмайди кимга учрашишни, қаерга боришни. Ички ишлар бошқармасига боришган. Фотиҳаланган қизи туманга, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига борган. Вилоятдаги ИИБ "2-3 кунда жавоб берамиз, ёрдам беролмасак, Тошкентга борасизлар", дейишган. Уйдагиларни туманда чақиртириб сўроқ қилишган, уйга келиб компьютерни олиб кетишган. Хабарлашиб туринглар агар ёзса, бу ҳали аниқ эмас, текширамиз, дейишган", - дейди Сарвар.

 Афғонистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳозирча Шерзод Анваровнинг суратини чоп қилмади.

Би-би-си Шерзод Анваровнинг тақдирини билиш илинжида Кобулдаги Афғонистоннинг Миллий хавфсизлик хизматига боғланди, аммо идора Шерзод борасида маълумот беришдан бош тортди.

Миллий хавфсизлик хизмати (NDS) одатда қўлга олинган жангарилар борасида сурат ва видеоларни ўз Фейсбук саҳифасида чоп қилади, аммо ҳозирча Шерзод Анваров борасида маълумот чоп қилинмаган.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Фозил Аҳмад Ёлғизнинг айтишича, қўлга олинган ўзбек жангариларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши ҳоллари аввал юз бермаган.

Би-би-си, шунингдек, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Ички ишлар бошқармасига Шерзод қидирилаётгани ёки унга қарши қандайдир жиноий иш очилган ё очилмаганини билиш учун сим қоқди. ИИБ навбатчиси бу ишдан бехабар эканлиги ва маълумот бўлса, мутассадди зобит Би-би-сига ўзи боғланишини билдирди.

Жаузжонда ИШИДга алоқадор 30га яқин ўзбекистонлик бор, деб тахмин қилинади.

ИШИД кўпроқ бу вилоятнинг Қўштепа ва Дарзоб туманларида фаол.

Шерзод Анваровнинг Туркиядан Афғонистонга қандай бориб қолгани ҳозирча номаълум.

                                                                                                                                (BBC)