Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзувчи Эврил Турондан илтимоснома
(last modified Wed, 29 Nov 2017 14:04:43 GMT )
ноябр 29, 2017 19:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзувчи Эврил Турондан илтимоснома

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзувчи Эврил Турондан  – тадбиркор Мамаёқуб Ҳамроевни озод этиш ҳақида шошилинч илтимоснома

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Ш.М.Мирзиёев,

Ваколатлари даражасида тезкор чора кўриш учун:

Бош прокурор И.Б.Абдуллаев, Ички ишлар вазири П.Р.Бобожоновларга

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Турки элларнинг буюк олими Юсуф Хос Ҳожиб бундан минг йил олдин ўлмас «Қутадғу Билиг» китобида келажак авлод ҳоқонларига шу сўзни улуғ ният билан ёзиб қолдирган:  –  Элни бошқариш шарафига муяссар бўлсанг, амалда ва сўзда фақат эъзгулик қилгин!

Мен Сизнинг – эъзгу ишлар қилишга қодир инсон эканингиз ҳақида 2016 йил сентябрь ойидаёқ хориж матбуотига (ўз юртимда асарларимни босишга таъқиқ қўйилган) ёзганман.

Эндиликда Сиз буни амалда кўрсатаяпсиз! Шу сабаб, ўзбекюртда ва чет элларда ҳурматингиз кун сайин ошиб бормоқда. Бундан Юсуф Хос Ҳожиб бобомизнинг руҳлари ҳам шод бўлаяпти деб ўйлайман.

Бироқ, муҳтарам президент, куч ишлатар тизимлар, хусусан ИИВ полислари баъзи-баъзида, эъзгу ниятли ойдинлар, тадбиркорларга қарши ўта ноҳақ ишлар қилишаяптики, буни сира оқлаб бўлмайди…

Ҳатто буни мен хориждаги юртдошларни Ватанга таклиф қилаётган сиёсатингизга ҳам қарши ҳаракат, деб биламан. Бир мен эмас, аксарият зиёлилар шундай фикрда.

Бунга мисоллар кўп. Она тупроғига эъзгу ният билан келган ўғилларимизни йўқ нарсаларни баҳона қилиб, қамаб қўйишмоқда. Бу митти хатда фақат бир мисол келтираман:

Мамаёқуб Ҳамроев Лангар мармар конида қисқа муддат директор бўлиб ишлаган. Ўлик ҳолга келган конни оёққа турғизган. Регистонни таъмир қилишга соф фойдадан миллионлар ажратган.

Бунга чидолмаган маҳаллий аёнлар, яъни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Бўритош Мустафоевнинг таъмагир уруғлари ва шогирдлари унга: –  Пулни нега беҳуда сочаяпсан., деб очиқдан- очиқ ҳужум қилишиб, сўнг Темур Ҳоқон қурдирган саройларни таъмирлашга ажратилган маблағларни ўзларига талаб қилишган. Бу мутлақ ҳақиқат!

Мамаёқуб Ҳамроев эл орасида «ашаддий порахўр» деб ном олган Бўритош Мустафоевнинг уруғлари талабини бажармагани унга нисбатан қонунга хилоф равишда мутлоқ туҳмат ва фитнадан иборат жиноий иш қўзғаганлар.

Ишдан бўшатганлар, бутун техникасини ўзлаштириб оқибат натижада еб тамом қилганлар. Уларга бас келолмаслигини билган тадбиркор Мамаёқуб Ҳамроев маълум муддат Россияга бош олиб кетиб, турли қурилиш ишларида ишлашга мажбур бўлган.

Мамаёқуб Ҳамроев Сиз президент бўлганингиздан то шу кунгача эъзгу ишларингиз ҳақида дунё сайтлари, хусусан хориждаги энг машҳур нашр – “Дунё ўзбеклари” интернет газетасида тинимсиз чиқишлар қилганди.

Мамаёқуб Ҳамроев Бўритош Мустафоевнинг ҳаромхўр аймоқлари ва издошлари тўғрисида инкор қилиб бўлмас далиллар билан асосланган аризаларини Бош прокурор И.Б.Абдуллаев ва МХХ раиси Р.Р.Иноятовларга юборсада ҳанузгача қонун ниқобидаги талончиларга чора кўрилмагани жуда оғир оқибатларга сабаб бўлмоқда.

Сизнинг эъзгу чақириғингиздан руҳланган Мамаёқуб Ҳамроев кеча ўз юртига  қайтганди. Лекин, тадбиркорни Самарқанд вилоят полислари ушлаб, Боғишамол туман изоляторига тиқиб қўйишди. Бундан Ватандаги ва хориждаги ўзбек ойдинлари жунбушга келишаяпти ва ёзишаяпти.

Мамаёқуб Ҳамроев Самандар Қўқонов каби ишбилармон йигит, ўз соҳасини жуда яхши билади, билим доираси кенг инсон, у ўз Ватанини беҳад севади.

Сизга ҳурмати чексиз!

Мамаёқуб Ҳамроев: – Юртимда кўп яхши ўзгаришлар бўлаяпти, энди қама -қамалар йўқолди, эъзгу ишларимни давом эттираман., деб Ўзбекистонга, бола-чақалари бағрига қайтганди. Бироқ ашаддий порахўр – талончилар ўз жиноятлари фош этилишидан қўрқиб уни қамаб қўйишди.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сиздан Мамаёқуб Ҳамроев ишини шахсан ўз назоратингизга олишни ва айбсиз тадбиркор Мамаёқуб Ҳамроев озодликка чиқарилишида амалий инсонпарварлик ёрдами кўрсатишингизни сўраймиз!

Сизга эҳтиром ва эъзгу тилаклар билан –

Эврил Турон

(Мамадали Маҳмудов)

Халқаро Турон Ёзувчилари Иттифоқи раиси.

29.11.2017 йил.

Тошкент шаҳри, М.Ганди 2-тор кўчаси, 21 – уй

237-31 – 00 уй, +99893 563 74 71

“Дунё ўзбеклари”

Ёрлиқ