Мамаёқуб Ҳамроевдан кимлар ўч олмоқчи?
Мамаёқуб Ҳамроев бир умр собиқ Бош прокурор Бўритош Мустафоев кирдикорларини фош қилиб келди… Отасидан Россияга қочиб қутулган эди, Тошкентга бориб боласига тутилди… Отдан тушсалар ҳам, эгардан тушмаган прокурорлар…
1.
Узоқ йиллик Россия сургунидан – Ўзбекистонга қайтган ишбилармон тадбиркор Мамаёқуб Ҳамроевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар бизни ниҳоятда ташвишга солиб қўйди.
Талон тарож қилинган Лангарини қайта тиклаш ва обод қилишдан ўзга дарди бўлмаган тадбиркор дўстимиз ва ҳамкоримизнинг ҳибсга олиниши қандайдир тушунмовчилик сабаб амалга оширилган бўлиши мумкин.
Бир пайтлар Лангар мармар ишлаб чиқариш корхонасига раҳбарлик қилган Мамаёқуб узоқ йиллардан бўён ўзи ва фаолиятига тўсқинлик қилган бир гуруҳ коррупционер амалдорлар устидан тинимсиз шикоят қилиб келди.
Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Бўритош Мустафоевга алоқадор деб кўрилган, унинг қариндош-уруғ ва ҳамюртларидан иборат бўлган бу гуруҳ устидан ёзилган далил исботли ўнлаб мақола ва шикоятлар “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинган…
2.
Мамаёқуб Ҳамроевнинг бу мақолаларида – давлат тузумига қарши бўлган саркашлик ва исённи эмас, балки аксинча, янги Ўзбекистон давлати ва ҳукуматига бўлган дилкашлик ва ишончни кўриш мумкин.
Биз бугун Тошкент билан боғланиб, мавзуга алоқадор бўлган бир қатор расмий ва норасмий мулозимлар билан суҳбатлашдик.
Уларнинг ҳаммаси бир овоздан Мамаёқубнинг ишида жиноят таркиби йўқлигини, фақат бу масала собиқ бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг амалдор ўғлига бориб тақалишини айтишди…
3.
Собиқ Бош прокурорнинг амалдор ўғли эса бугун – Ўзбекистон Бош прокуратурасида “Жиноят судларида қонунийликни назорат қилиш” Бошқармаси бошлиғи экан.
Бугун Ўзбекистонда давр ўзгарди. Замон ўзгарди. Лекин шундоқ бўлса ҳам, биз бугун олис Канададан туриб раҳматли Бўритош Мустафоевнинг амалдор ўғилларини кор эҳтиёт огоҳлантириб қўймоқчимиз: Шундоғам гуноҳга ботган отангизнинг руҳи бадтар чирқирамасин десангиз, Мамаёқуб Ҳамроевни зудлик билан озод қилиш ишида шахсан ўзингиз бош-қош бўлинг. Йўқса, кеч бўлади, кейин “Аттанг!!!” деб юрасиз.
Агар бугун отангиз тирилиб келганида ҳам Сизга шу насиҳатни айтган бўларди…
4.
Ҳа, Ўзбекистонда бугун ростдан ҳам давр ўзгарди. Энди амалдорлар олдингидай қонунсизлик ва адолатсизликка йўл қўйишмайди. Қўйишолмайди.
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ижобий ва инқилобий ўзгаришларга астойдил ишонган ва улардан руҳланган ҳолда яхши ва мунаввар ниятлар билан Ўзбекистонга йўл олган Мамаёқуб Ҳамроев яқин соатлар ичида албатта озод этилади деб умид қиламиз ва ишонамиз…
5.
Ўзбекистоннинг янги раҳбарига Мамаёқуб Ҳамроев каби чин юракдан ишониб, унинг улуғ ва муқаддас ғояларига камарбаста бўлишни истаган бошқа юзлаб ва минглаб ватандошларимиз учун бу кунлар бир имтиҳондир.
Бу имтиҳондан давлат раҳбаримиз ёруғ юз билан ўтадилар деб умид қиламиз ишонамиз…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,